Ўзбекистон сунъий интеллект технологияларини давлат бошқарувига жорий этишга тайёрлиги бўйича 190 мамлакатдан 158-ўринни эгаллади. Бу ҳақда Oxford Insights таҳлил марказининг 2019 йил учун The Government AI Readiness Index ҳисоботида маълум қилинди.

Фото: Inbusiness

Индекс дижитал кўникмалардан бошлаб то маълумотларни узатиш тизимларининг мавжудлиги каби тўққиз метрикадан иборат.

Рейтингда Ўзбекистон 1,4 балл билан Марказий Осиёда Туркманистондан кейин тўртинчи ўриндан жой олган. Туркманистон – 182-ўрин, Тожикистон – 98, Қирғизистон 97-ўринда ва Қозоғистон 65-ўринда жойлашган.

«Minbar.uz»нинг ёзишича, сунъий интеллект (СИ) технологиялари 2030 йилга келиб глобал иқтисодиётга 15 триллион доллар қиймат қўшиши кутилмоқда. Ҳисоботда айтилишича, тараққий топган давлат ҳукуматлари қолоқ давлатлар ҳукуматларига қараганда бу технология олиб келаётган ютуқлардан кўпроқ фойда кўради. Шу боис, Ўзбекистон каби энди ривожланаётган давлатлар 4 Индустриал инқилобидан фойда кўролмай қолиб, боқий қашшоқликка маҳкум бўлиб қолиши эҳтимоли бор.

Сунъий интеллект технологияларини давлат бошқарувига жорий этишга тайёрлиги бўйича Сингапур биринчи ўринда кетмоқда, қолган топ йигирматаликни Ғарбий давлатлар эгаллаган. Кучли йигирматаликка Осиёдаги тўрт давлат ҳам кирган, лекин у ерда битта ҳам Лотин Америкаси ёки Африкадан давлат йўқ.