31 август куни, берилган уч кунлик таътилдан фойдаланиб, «Дарё» колумнисти Ғайрат Йўлдош саёҳатга отланди. Унинг режаси Қорақалпоғистон ва Хоразмни зиёрат қилиш эди. Қуйида у Қорақалпоғистон сафарининг айрим таассуротлари билан ўртоқлашади.

Фото: «Дарё»

Мен Қорақалпоғистонда 2016 йилда ҳам бўлган эдим, аммо Тўрткўл, Элликқалъа ва Берунийдан уёғига ўтмагандим. Энди эса Нукусдан ўтиб, Мўйноққача бориш ва у ерда амалга оширилаётган ишлар билан танишиш, кемалар қабристонини кўришни мақсад қилдик.

Фото: «Дарё»

Шу ўринда Қорақалпоғистон ҳақидаги баъзи мулоҳазаларимни ёзиб кетсам. Эсимни таниганимдан бери 2016 йилгача, Қорақалпоғистонга илк марта боргунимча бу юрт ҳақида фақат негатив фикр эшитганман. «Ҳаммаёқ чўлланиб кетяпти», «Оролнинг қуми кўтариляпти», «Ҳаммаёқни касаллик босиб кетган», «Чўлланишга қарши чоралар кўриляпти», «Одамлар оғир шароитда яшаяпти» каби гаплар телевидениеда бот-бот гапирилар, ОАВда тез-тез мақолаларда айтилар эди.

Фото: «Дарё»

2016 йилда бу юртга борганимда кечаси билан йўл юрдик. Манзилга етиб боргунимизча қоронғуда ҳеч нарса кўринмади. Эрталаб тонг отганидан кейин чиқиб атроф билан танишдим. Қарасам, ҳаммаёқда ўрикзор ва жийдазор боғлар, экин экилган далалар, «бу ерларни жуда ваҳима билан кўрсатишар, ёзишар эди, ҳаммаёқ боғ-бўстонку!» деб ҳайрон қолганман. Ўшанда Элликқалъада бир ой яшадим ва Элликқалъа, Тўрткўл, Беруний туманларининг ҳамма жойини айланиб чиқдим. Пахта, ғалла, шоли, кунжут экилган минглаб гектар ерларни, ўрикзор, жийдазор боғларни кўриб, «бу ерларнинг муаммоси жуда ҳам ваҳима қиладиган даражада эмас», деган ўй хаёлимдан ўтди.

Фото: «Дарё»

Бу уч туман анча ободлигини кўриб, «муаммолар Нукус ҳамда ундан наридаги шаҳар ва туманларда бор шекилли», деб ҳам ўйлаганман. Аммо охирги сафарим давомида Нукусдан ўтиб, Мўйноққача бориб келдим, энди айта оламанки, Қорақалпоғистон гуллаб-яшнаяпти. Йўқ, умуман муаммо йўқ демайман. Муаммо ҳамма жойда бор ва, табиийки, бу минтақа ҳам муаммолардан холи эмас. Аммо муаммолар телевидениеда кўрсатилгандай, мақолаларда ёзилгандай даражада эмас.

Фото: «Дарё»

Масалан, менга Қорақалпоғистон шаҳар ва овулларида, дала-даштларидаги ҳаво Тошкент ва Самарқанддаги ҳаводан тоза туюлди. Энди баҳорда ёмғир ёғиб, ҳавони тозалаб турган вақт бўлса ҳам майли эди. Биз кузда, сентябрь ойининг бошида боряпмиз, бу яқин орада ёғингарчилик бўлмади. Шундай бўлса-да, барибир ҳаво анча тоза. Бу ўлканинг битта гиёҳ ўсмайдиган жойлари ҳам бор. Лекин жуда катта ҳудудлар истеъмолга яроқсиз бўлса ҳам, ер ости сувлари яқинлиги учун кузга келиб ҳам минтақа кўм-кўк яшнаб турибди. Мўйноқ сари борар эканмиз, жуда катта ҳудудлар дарахтлар, буталар билан қопланган ва азбарои улар сабабли юқорида ёзганимдай ҳаво жуда тоза.

Нукус ҳақида

Қорақалпоғистон бўйлаб саёҳат қилар эканмиз, энг биринчи Нукусга бордик. Сафар давомида Нукусдаги дунёга машҳур Савицкий музейига ҳам киришни режалаштиргандик. 31 август куни кечки пайт шаҳарга етиб бордик ва меҳмонхонага жойлашдик. Етиб боргунимизча Нукусдан дўстимиз Шуҳрат Саидаҳмадов меҳмонхона танлаб қўйган экан. Ўзи Нукусдан узоқда экани учун бизни кутиб олиб, меҳмонхонагача бошлаб боришни бир йигитга тайинлаган экан. Йигитни кўзимга иссиқ кўринди. Танишсак, «KrUz.uz» сайти асосчиси, марҳум Фурқат Юсуповнинг укаси Искандар Юсупов экан. Искандар жуда одобли, тарбияли йигит экан. Биз меҳмонхонага жойлашиб бўлганимиздан сўнг хотиржам бўлиб кетди.

Фото: «Дарё»

Эртаси куни Нукусни айланаётганимизда, афсуски, Искандар билан қайта кўришиб, миннатдорлик билдира олмадик. Сабаби, Савицкий музейини томоша қилиб, сўнг шошилинч Мўйноққа жўнаб кетдик.

Нукус шаҳри менда зўр таассурот қолдирди. Шаҳар жуда чиройли, озода. Кўчалари режа билан тортилган. Ўзбекистоннинг кўплаб шаҳарларида бўлганман. Тарихий шаҳарларнинг менга маъқул келмаган бир жиҳатлари бор, у ҳам бўлса тор ва пастқам кўчаларининг борлиги ва аксига олиб ўшандай кўчалар қаровсиз ва таъмирталаб ҳолда қолаётгани. Нукусда бундай ҳолатни кўрмайсиз. Маҳаллалар оралаб тортилган кўчалар бироз тор бўлсада, таъмирлаб қўйилган. Марказий кўчалар эса ажойиб кўринишда.

Фото: «Дарё»

Шаҳардаги янги қурилган бинолар ҳам, эски бинолар ҳам чиройли кўринишга келтирилган. Шаҳар марказида, шундоққина Савицкий музейи олдида иккита катта байроқ – Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон байроқлари илиб қўйилган.

Фото: «Дарё»

Нукусга кечки пайт соат 23:00 ларда кириб бордик. Тунги Нукус жуда чиройли эди.

1 сентябрь куни эрталаб Савицкий музейига бордик. Музей ҳақида ҳозир тўхталиб ўтирмайман, бу алоҳида мақолага муносиб мавзу.

Фото: «Дарё»

Музейнинг икки биносидаги экспонатларни томоша қилиб чиқиб, тушда Мўйноқ томон равона бўлдик. Нукусдан Мўйноқ сари кетарканмиз, гарчи «чўл» деб аталса-да, атрофнинг гўзаллигига тил ожиз эди. Ҳаммаёқ бутазор, ҳаво ниҳоятда тоза. Сал юрилгандан сўнг Қўнғиротгача бўлган катта ҳудудда экин майдонлари, чўл ўрмонлари, саксовулзорлар. Ҳаммаси ажойиб кўринади. Қўнғиротдан Мўйноққа кетишда энди экин майдонлари камроқ, катта ҳудудлар чўл ўрмонлари ва саксовулзорлар билан қопланган эди. Умуман олганда, бир пайтлар Тўрткўл, Элликқалъа ва Беруний туманларидаги қишлоқ ва овулларни кўриб қанчалик ажабланган бўлсам, Нукусдан Мўйноққача бориб ҳам шундай ажабландим. Сабаби, юқорида ёзганимдай, ер ости сувлари яқинлиги учунми, ҳаммаёқ кўм-кўк, бутазорлар, саксовулзорлар, чўл ўрмонлари, экин далалари, пахтазорлар, шолипоялар, ғалла экиладиган майдонлар катта-катта майдонларда ястаниб ётибди.

Қорақалпоғистонда таъбни хира қиладиган ҳолатлар

Қорақалпоғистон бўйлаб саёҳат қиларканмиз, албатта таъбни хира қиладиган ҳолатлар ҳам учради. Бироқ улар унчалик кўп эмас ва асосан бир соҳа билан боғлик. Қайси соҳани назарда тутаётганимни дарров сезгандирсиз – автомобиль йўллари билан боғлиқ муаммолар.

Фото: «Дарё»

Сафарга чиқишдан олдин Қорақалпоғистонда яшайдиган ёки у ерга тез-тез бориб турадиган дўстларимиз билан бу юртга қандай бориш (поезддами ёки автомобилда) маслаҳат сўрадик. Улар поездда боришимизни, автомобиль йўлларининг аксарияти таъмирталаб аҳволда эканини айтди. Аммо Мўйноққа ҳам боришимизни билиб, «унда автомобилда чиқаверинглар, ҳаммаёқни кўриш учун, ҳаракатланиш бироз қийин бўлса ҳам, автомобиль яхши» дейишди. Уларнинг тавсияси билан автомобилда бордик. Таъмирталаб йўлларда жуда қийналиб ҳаракатланган бўлсак ҳам, автомобилда борганимизга афсусланмадик. Нукусгача поездда етиб олиб, ундан сўнг кўплаб шаҳар ва қишлоқларларга таксида юрсак, анча қимматга тушардик. Автомобильда юрганимиз учун эркин ҳаракатландик ва турли жойларга боришда муаммо бўлмади.

Фото: «Дарё»

Йўлнинг энг оғир қисми Бухоро вилоятида, Ромитан–Газли йўналишида эди. Бу йўлнинг аҳволини кўриб, беихтиёр «наҳотки шу халқаро аҳамиятга эга йўл бўлса?!» деб ҳайрон қолдик. Масофа жуда узунмас, нари борса 50–70 километрли йўлни наҳотки таъмирлаб қўйиш қийин иш бўлса? Ўйлаймизки, Бухоро вилояти йўлсозлари бу муаммога эътибор қаратади.

Фото: «Дарё»

Берунийдан ўтганимиздан кейин Нукусгача бўлган йўл ҳам таъмирталаб аҳволда экан. Кейин Қўнғиротдан Мўйноққача бўлган йўл бироз таъмирталаб бўлиб қолибди. Нафақат Қорақалпоғистонда, балки бошқа ҳар қандай ҳудудда ҳам йўл ҳамма учун муҳим объект. Инвесторлар учун ҳам, сайёҳлар учун ҳам. Нукусда, Савицкий музейида бўлганимизда кўрдик – бу музейни томоша қилишни хоҳлаган кўплаб хорижлик сайёҳларни Бухородан, Самарқанддан, Урганч ва Хивадан асосан автобусда олиб боришяпти. Мўйноқда кўрдик, у ерда ҳам анча хорижлик сайёҳлар шаҳар яқинидаги кемалар қабристонини, Оролни кўриш учун ташриф буюряпти; уларнинг аксариятини, йўлтанламасларда бўлса ҳам, бузуқ йўллардан олиб боришяпти. Шундай экан, Қорақалпоғистон нафақат сайёҳлар қийналмай ҳаракатланишлари учун, балки инвесторлар учун ҳам энг аввало йўлларни сифатли қилиб таъмирлаб қўйиши керак. Акс ҳолда бу юртга инвесторлар ва сайёҳларни жалб қилиш қийин бўлиб қолаверади.

Фото: «Дарё»

Яна бир муаммо ҳам йўл билан боғлиқ. Бухородан ўтганимиздан сўнг йўлларимизда йўл кўрсаткичлари жуда кам; бу ҳолатга Қорақалпоғистонда ҳам дуч келдик. Турли манзиллар сари борарканмиз, йўл кўрсаткичлари жуда кам ўрнатилганига гувоҳ бўлдик. Масалан, Нукусдан Мўйноққа боришда Қўнғирот орқали ўтиб кетилар экан. Ана шу ерда бир нечта кўчаларни айланиб, Мўйноққа борадиган йўлга тушиб олгунча йўл кўрсаткичлари бўлмагани ёки етарлича ўрнатилмагани учун бир неча бор тўхтаб, маҳаллий аҳолидан йўлни сўраб олдик. Қорақалпоғистонда етарлича сайёҳлик салоҳияти бор ва уни ривожлантириш учун зудлик билан йўлларни таъмирлаб, ҳар қадамда йўл кўрсаткичлари ўрнатиб чиқиш лозим бўлади.

Хулоса

Умуман олганда, Қорақалпоғистон менга жуда ёқди; имкониятим бўлганида Қорақалпоғистонга қайта саёҳатга албатта бораман. Бу сафар Оролгача бора олмадик, кейинги саёҳатларимда албатта Оролгача боришга ҳаракат қиламан.

Фото: «Дарё»

Саёҳат қилишга вақти ва имконияти борларга Қорақалпоғистонни тавсия этаман.

P.S.: Кейинги мақолалар ва фотосуратлар Савицкий музейи ва Мўйноқ ҳақида бўлади.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.