7 сентябрь куни Россия ва Украина ўзаро маҳбусларни алмашди. Шу куни соат 09:30 да Москвадаги «Лефотово» қамоқхонасидан украиналик маҳбуслар тушган икки йўловчи автобуси Внуково аэропортига йўл олди.

Фото: BBC

Шу дақиқаларнинг ўзида аэропортда Украина президенти авиаотрядига мансублиги тахмин қилинган Ан-148 самолёти қўнди. Ҳаво кемаси Киевдаги Бориспол аэропортидан россиялик маҳбуслар билан парвоз қилганди.

Соат 10:30 атрофида Борисполь аэропортига «Россия» махсус отрядининг Ту-204 самолёти келиб қўнди. Лайнерлар маҳбусларни олиб, ватанига учиб кетди.

Алмашув «35 га 35» схемаси асосида кечгани айтилмоқда. Россия томони Керч бўғозида қўлга олинган 24 нафар украиналик денгизчи, шунингдек, терроризмда айбланиб, 20 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган Олег Сенцовни озод қилади.

Украина томони озод қиладиганлар орасида журналист Кирилл Вишинский ва Малайзиянинг Boeing самолёти ҳалокатга учраши иши бўйича асосий гувоҳ саналган Владимир Цемах бор.