Ўзбекистон ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан тўй кортежлари ва бошқа транспорт воситаларининг гуруҳ бўлиб ҳаракатланишига нисбатан қандай жазо чоралари назарда тутилганини эслатиб ўтди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 129-моддасига асосан мототцикллар ва бошқа транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўлларда йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солувчи ёки авария ҳолатини келтириб чиқарувчи гуруҳ бўлиб ҳаракат қилишда қатнашиши базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Ҳозирги кунда бу миқдор 669 минг сўмни ташкил қилади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари (1 115 000 сўм) миқдорида жарима солишга ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан олти ойдан бир йилгача муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади.

Транспорт воситаси ҳаракатланаётган вақтда йўловчи тана қисмларини (қўлдан ташқари) салондан чиқариши Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 138-моддаси 4-қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари (223 000 сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Транспорт воситаси ҳаракатланаётган вақтда йўловчи тана қисмларини (қўлдан ташқари) салондан чиқариши, мазкур транспорт воситаси ҳайдовчисига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-моддасига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари (2 230 000 сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари (4 460 000 сўм) миқдорида жарима солишга ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йил муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади.

«Ортиқча дабдабавозлик билан фарзандингизга бахт қасрини қуриб беролмайсиз. Кўчаларни тўлдириб, ҳаракатга халал бераётган ёшларни тартибга чақиринг. Чунки бу иллатларни фақатгина жазолаш билан йўқотиб бўлмайди. Катталар тартибли бўлса, кичиклар ибрат олади. Сизнинг ибратингиз — насиҳат, тўғри йўл кўрсатиш, ёшларни назорат қилиш», — дейилади ИИВ ЙҲХББ баёнотида.