Мультимиллионер ва лорд, Консерватив мусулмон форуми асосчиси, барон ва Буюк Британия Лордлар палатасининг умрбод аъзоси бўлган Лорд Муҳаммад Илтаф Шайхга турмушга чиққан асли самарқандлик 34 ёшли Гули хоним Шайх «Дарё»га интервью берди. Интервьюда Гули хоним Шайх Самарқандда ўтган болалиги, Лондондаги ҳаётининг дастлабки йиллари, ҳозирда қандай ишлар билан машғуллиги ҳамда келгусидаги режалари ҳақида сўзлаб берди.

Фото: Гули Хоним Шайх шахсий архивидан

«Болалигимдан бизнес билан шуғулланишга қизиқардим»

Кўчамизда дарвозасининг олдида писта, қурт ва ширинликлар сотадиган қўшнимиз бўларди. Онамнинг айтишича, мен уларга биз ҳам бирон нарса сотайлик дер эканман (кулади). Кўп болали оила бўлганимиз учун отам писта, ширинликларни қоплаб олиб келардилар. Бир кун мен ҳам дарвозамиз олдига стол олиб чиқиб, отам олиб келган нарсалардан териб қўйиб, ўтган-кетганларни савдо қилишга чақирган эканман.

Яна онам уйимиздан пиёда юрганда ярим соатлик масофада жойлашган боғчадан 4-5 ёшимда қандай қочиб кетганимни ҳам сўзлаб берадилар. Мени йўлда қўшнимиз кўриб қолиб, уйимизга олиб келган экан. Бир сўз билан айтганда болалигимда жуда шўх қиз бўлганман.

Фото: Гули Хоним Шайх шахсий архивидан

«Лондонга борганимда инглиз тилини деярли билмасдим»

Самарқанд тиббиёт коллежини битирсам-да, ўқишга, бизнесга бўлган қизиқиш мени таълим олишни давом эттиришга ундарди. Шундай қилиб, Лондонга кетдим. Катта шаҳар, ҳеч кимни танимайман, бунинг устига инглиз тилини ҳам деярли билмайман. Аммо муҳит инсонни тез тарбиялаб қўяркан. Ҳар куни инглиз тилидаги мулоқотларни эшитаверганингиздан кейин тилни ҳам ўрганиб кетаркансиз. Лондонда етакчилик ва менежмент йўналишида бакалавр даражасини қўлга киритдим.

Ҳозир фикримни инглиз тилида ифодалаш, шу тилда сўзлашиш мен учун қулай. Лекин албатта, ўзбек тилини ҳам унутганим йўқ. Қариндошларим, яқинларим билан она тилимизда сўзлашаман.

Фото: Гули Хоним Шайх шахсий архивидан

Баъзан айрим инсонларнинг инглиз тилини ўрганишга ҳафсала қилмаётганини ёки «қийин экан» деб ташлаб қўйганига гувоҳ бўлсам, уларга бундай қилиш нотўғри эканлигини тушунтиргим келади. Ёки баъзилар энди мен хорижий тилни ўрганиш учун кеч қолдим, деб ҳисоблайди. Бу фикр ҳам нотўғри. Илм олишга ҳеч қачон кеч бўлмайди. Шу ўринда мен 70 дан ортиқ хорижий тилни билган бобомиз Форобийни ёки саноқсиз ҳадисларни ёддан билган Ал-Бухорийни мисол қилиб кўрсатгим келади. Инсонда ҳаракат, интилиш бўлса исталган тилни ўрганиши, исталган билимни эгаллаши мумкин.

Фото: Гули Хоним Шайх шахсий архивидан

«Ёш шунчаки рақам. У ҳеч нарсани англатмайди»

Англияда ўқиб юрганимда Бельгия шоколадини сотувчи компанияда иш бошқарувчи бўлиб ишлардим. Бизга мижозларга ҳар қандай вазиятда хушмуомала бўлиш ва табассум қилиш ўргатилган эди.

Лорд Муҳаммад Илтаф Шайх дўконимизга тез-тез кириб, шоколад харид қилиб турарди. Мен бошқа харидорлар каби унга ҳам табассум ва ширин муомала билан муносабатда бўлардим. Бир куни у киши менинг қаердан эканлигимни сўради. Мен эса Ўзбекистоннинг Самарқанд деган қадимий шаҳридан эканлигимни айтдим. У киши Самарқанд тарихи ва Амир Темур ҳақида жуда кўп маълумотларни билишини айтди ҳамда ушбу шаҳарга боришни орзу қилишини маълум қилди.

Фото: Гули Хоним Шайх шахсий архивидан

У киши ўзининг лорд эканлигини айтмасдан, ўзини «Илтаф» дея таништирган. Шу тариқа биз у киши билан турли мавзуларда тез-тез суҳбатлаша бошладик.

Танишганимизга икки ойча бўлганида у киши Ҳажга кетдилар. Ўшанда биз улар билан уч ҳафтача кўришмадик. Мана шу вақт ичида мен у кишига жуда ҳам ўрганиб қолганимни ҳамда уларни соғинаётганимни ҳис этдим. Кейинроқ билсам, турмуш ўртоғим ҳам айнан шундай ҳиссиётларни бошдан кечирган эканлар. Кейин мен ота-онамни кўриш учун Ўзбекистонга, Самарқандга кетдим. Лорд Муҳаммад Илтаф Шайх мени излаб, Самарқандга келдилар, ота-онамдан розилик олдилар ҳамда биз турмуш қурдик.

Баъзан мендан ёшимиз ўртасидаги тавофут ҳақида сўрашади. Фикримча, ёш бу шунчаки рақам. У ҳеч нарсани англатмайди. Эр-хотин муносабатларида энг асосийси ўзаро ҳурмат, бир-бирини тушуниш.

Фото: Гули Хоним Шайх шахсий архивидан

Фото: Гули Хоним Шайх шахсий архивидан

Турмуш ўртоғим ўзбек миллий таомларидан ош ва сомсани севиб истеъмол қиладилар. Уйда барча таомларни ўзим тайёрлайман. Лорд шайх фақат менинг қўлимдан овқатланадилар.

Лорд шайх нафақат турмуш ўртоғим, балки менинг энг яқин дўстим, маслаҳатгўйим ҳамдир.

Улар билан ҳар куни эрталаб фитнесс билан шуғулланамиз. Дам олиш кунлари албатта кино, боулинг ёки шаҳар ташқарисига борамиз.

Ўзбекистонлик спортчилар ёки жамоалар халқаро миқёсдаги мусобақаларда иштирок этса, турмуш ўртоғим билан бирга спортчиларимизни қўллаб-қувватлаймиз. Ўзимиз ҳам спортнинг бир нечта турлари билан фаол шуғулланамиз. От минишга, сузишга, спорт автомобилларида мусобақалашишга қизиқамиз.

Фото: Гули Хоним Шайх шахсий архивидан

Фото: Гули Хоним Шайх шахсий архивидан

«Лондондаги Fashion Week’да ўзбек ҳунармадчилиги намуналарини намойиш этдим»

Лондонда июнь ойида ўтказилган Fashion Week ҳафталигида ўзбекистонлик ҳунармандларнинг маҳсулотлари билан иштирок этдим. Атлас ва шойи матоларимиздан тикилган либослар, ўймакор нақшлар билан безак берилган ёғоч сувенирлар, тақинчоқлар, аксессуарлар Fashion Week иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Бундан ташқари, мен асос солган Silkrouteglobal компанияси интернет орқали Ўзбекистон ҳунармандлари томонидан тайёрланган эксклюзив маҳсулотлар савдоси билан шуғулланади. Ушбу ҳаракатларим орқали Ватанимга хорижликларда қизиқиш уйғотаётганим, сайёҳлар оқими кенгайишга оз бўлса-да, ҳисса қўшаётганимдан ғурур ҳиссини туяман.

Фото: Гули Хоним Шайх шахсий архивидан

Фото: Гули Хоним Шайх шахсий архивидан

Фото: Гули Хоним Шайх шахсий архивидан

«Лондонни Тошкентга олиб келдим»

Ўзбекистонда инглиз тилини мукаммал биладиган кадрлар кам. Хорижнинг нуфузли университетларига бориб ўқишни кўпчилик орзу қилади, лекин ҳамманинг ҳам бунга қурби етмайди.

Ўзбекистонда Президентимиз томонидан инвесторларга яратиб берилаётган шарт-шароитлардан унумли фойдаланиш мақсадида бизнес бошладик.

Буюк Британия университетларида ишлаган тўрт нафар малакали ўқитувчини шу ерга олиб келдим. Истагим Ўзбекистон ёшларида инглиз тилини шу тилда сўзлашувчи инсонлардан ўрганиш имконияти бўлсин, улар ўзларини хорижда таҳсил олаётгандек ҳис эцин. London College of English ўқув маркази 16 сентябрдан иш бошлайди. Тил ўрганишга қизиқувчи 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган ҳамюртларимизга эшигимиз очиқ.

Келгусида ушбу марказда имконияти чекланган ёшларга бепул тил ўрганишларига шароит яратиб беришни режалаштирмоқдаман.

Севара Нишонова суҳбатлашди