Ангрен шаҳри ҳудудида юк поезди иштирокида йирик йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. Воқеа 10 сентябрь куни соат тахминан 04:00 да, А-373 М-39 «Гулистон—Бўка—Ангрен—Қўқон—Андижон орқали—Ўш» автомобиль йўли 173-километрида юз берган. Дастлаб темирйўл кесишмасида автобус ва поезд вагони иштирокида ЙТҲ юз бергани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Фото: «Дарё»

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг аниқлик киритишича, Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг Кон бошқармасига қарашли «Ангрен олтин саралаш фабрикаси»га олиб борувчи темирйўл шохобчаси орқали юк вагонларини тортиб кетаётган тепловознинг 8-вагонига «Тошкент—Водий» йўналиши бўйича ҳаракатланиб кетаётган CAMC русумли юк машинаси урилган. Натижада вагонларнинг иккитаси издан чиқиб кетиб, қарама-қарши йўналишда турган Damas’ни босиб қолган.

Фото: «Дарё»

Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлган ва жабрланганлар бор. ФВВдан маълум қилишларича, ЙТҲ оқибатида Damas’да бўлган беш нафар фуқародан икки нафари воқеа жойида вафот этган, уч нафари эса тан жароҳати олиб, Ангрен шаҳар Марказий шифохонасига шифохонасига ётқизилган. Шунингдек, CAMC русумли юк машинасининг ҳайдовчиси ҳам тан жароҳати олиб, худди шу шифохонага ётқизилган. ФВВ ахборотида жароҳатланганларнинг аҳволи қай даражада эканлиги ҳақида қўшимча ахборот берилмаган.

Фото: «Дарё»

«Содир бўлган ЙТҲ юзасидан дастлабки терговолди текширув ишлари олиб борилмоқда», — дейилади ФВВ ахборотида. Ҳодиса жойидан олинган фотосуратларда вагон остида қолган Damas ва кабинаси мажақланиб кетган кўк рангли машина (катта эҳтимол билан, тепловознинг 8-вагонига урилган CAMC юк машинаси)дан ташқари MAN юк машинасини ҳам кўриш мумкин. ФВВ ахборотида у ва унда бўлган одамларнинг аҳволи ҳақида маълумот берилмаган.

Хабар беришларича, ЙТҲ оқибатида «Тошкент—Фарғона» йўли ёпилган. «Xabar.uz»нинг ёзишича, ЙТҲ юз бергач, воқеа жойига етиб келган йўл-патрул хизмати ходимлари автомобилларни Нуробод, Илғор, Қўшсой қишлоқларидан ўтадиган айланма йўлга йўналтиришни бошлаган.

Фото: «Xabar.uz»