Ўзбекистон терма жамоасининг сўнгги ўйинлардаги иштироки ҳақида

Фото: ЎФА

2 август, 2018 йил.

Ўзбек футболи мухлислари орзиқиб кутган кун келди — Ўзбекистон терма жамоасига хорижлик мутахассис бош мураббий этиб тайинланди. Ўзбекистон футбол ассоциациясининг ўша вақтдаги раҳбарияти (Умид Аҳмаджонов бошчилигидаги мутасаддилар) берган ваъдасининг устидан чиқди. Тўғри, ҳамма бирдек интиқ бўлиб кутган Карлуш Кейруш эмас, балки тажрибаси ҳам ёши ҳам катта бўлган аргентиналик Эктор Купер мамлакат бош жамоаси мураббийига айланди. Нима бўлганда ҳам чет эллик мураббий олиб келинди.

Мухлис-у мутахассисларнинг талабига шу тарзда жавоб қайтарилди. Унинг иш услуби ва қарашлари эса ўзбек футболчиларига тўғри келиш ёки келмаслиги ҳақида қанчалик ўйлангани бизга қоронғи. Купер келган вақтдаёқ унинг бош вазифаси — Ўзбекистонни Қатардаги ЖЧ—2022 мусобақасига олиб чиқиш эканлиги таъкидланди. Бу таъкид катта жамоаларга қарши ўртоқлик ўйинларида ҳам, 2019 йил январида бўлиб ўтган Осиё Кубоги вақтида ҳам янграб турди.

5 сентябрь, 2019 йил.

Фото: ЎФА

Эктор Купер бошчилгидаги Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ—2022 йўлини Фаластинга қарши ўйин билан бошлади. Ҳа, бир йил давомида таъкидланган асосий вазифа йўлида илк қадам ташланди. У шундай ташландики, Эктор Купернинг шундоқ ҳам муваққат турган мураббийлик курсиси 90 дақиқалик ўйиндан сўнг қандай аҳволга келиб қолгани футболга қизиққан инсон борки ҳаммасига бирдек маълум бўлиб улгурди.

Ўзбекистон терма жамоаси шу кунга қадар Фаластинга қарши бўлгани каби маъни-мантиғи йўқ ўйин кўрсатмаган эди. Ҳа, ҳамма ушбу «қора туш»дан сўнг бир вақтлар Вадим Абрамов бошчилик қилган Ўзбекистон терма жамоасининг Эронга қарши баҳсини ёдга олди. Ўшанда мамлакат бош жамоаси Эронга 0:1 ҳисобида ютқазган бўлса ҳам ўйин бобида форсларни ҳар жиҳатда ортда қолдира олганди. Кейинчалик Абрамов билан бўлган ҳолат ҳам кўпчиликка маълум.

Фаластинга қарши баҳсда эса на Купернинг ўйиндаги имзоси кўринди ва на ўйинга бўлган муносабати. Россия чемпионатида жавлон ураётган Элдор Шомуродов, ички биринчиликда ҳимоячиларни шошириб қўядиган Жалолиддин Машарипов каби ўйинчиларнинг майдонда борлиги ҳам деярли билинмади. Купер келган вақти унинг ўйин фалсафаси ҳимоявий услуб асосига қурилиши ва бу Ўзбекистон терма жамоасига тўғри келмаслиги ҳақида хўб ва кўп ёзилди.

Жумладан, айни дамда ОКМК клуби матбуот хизмати ходим сифатида фаолият олиб бораётган Шағбоз Беғамов бир йил олдин қуйидагиларни баён қилганди: «Купер терма жамоамизда ҳам аввалги жамоаларида бўлгани каби ҳимоядан ўйнаш услубини қўллаши деярли аниқ. Тўп билан яхши ўйнайдиган футболчиларимиз Купернинг янги ғоясини ўзлаштиришларига тўғри келади. Буёғига тўпсиз яхши ўйнайдиган, ҳужумдан орқага қайтиб мудофаага кўмаклашадиган, қарши ҳужумда тезроқ ва тезкор ҳаракатланадиган футболчиларга муҳтожлик сезамиз. Чунки терма жамоамиз «биринчи рақам» билан эмас, кўпроқ рақибдан келиб чиқиб «иккинчи» бўлиб ўйнайди. Купернинг фалсафаси — ҳимояни эҳтиёт қилишдан иборат!».

9 сентябрь, 2019 йил.

Фото: ЎФА

Фаластиндан қабул қилинган мағлубият унут бўлиб улгурмасдан Ўзбекистон терма жамоаси Иордания пойтахти Амман шаҳрида Ироқ термасига қарши майдонга тушиб, голсиз дуранг қайд этди. ЖЧ—2022 саралаши иккинчи босқичи 2-турида дам оладиган Купер шогирдлари учун Ироққа қарши ўйин ташкил этилганди. Бу ўйинда Купер Фаластинга қарши майдонга тушмаган бир қанча ўйинчилар хизматидан фойдаланди. Фаластинга қарши ўйинда кўплаб хатоларга йўл қўйган Егор Кримец ушбу ўйинда жароҳат олди. Камига Элдор Шомуродов ҳамда Жалолиддин Машарипов ҳам турли даражадаги шикастланишларни орттириб олди. Терма жамоа шифокорига кўра, уларнинг жароҳати қўрқинчли эмас. Фаластинга қарши ўйинда бўлгани каби бу беллашувда ҳам футболчилар рақиб дарвозасини ишғол қила олмади. Ўйинда ҳам айтарли ўзгариш кузатилмади. Таблодаги 0:0 ҳисоби ҳам шунга исбот.

Хўш, Купернинг ҳимоявий ўйин услуби Ўзбекистонга мос келдими?

БААдаги Осиё Кубоги вақтида Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоядаги тартибли ўйинлари сабаб мухлисларда келажакка бўлган ишончни пайдо бўлганди. Купер шогирдларининг Осиё Кубогидаги ўйинлари натижаларини ёдга оламиз:

  • Ўзбекистон — Уммон 2:1
  • Туркманистон — Ўзбекистон 0:4
  • Япония — Ўзбекистон 2:1
  • Австралия — Ўзбекистон 0:0 (пенальтилар бўйича 4-2)

Жамоа 4 та ўйинда 6 та гол урган ҳолда ўз дарвозасидан 3 та гол олиб чиқди. Бу рақамлар ҳимояда тартиб пайдо бўлганини исботлагандек эди гўё. Аммо ҳар доимгидек, терма жамоа муҳим паллада кучли рақибларга имкониятни бой берди.

Ўзбекистон терма жамоаси аргентиналик қўл остида Эрон, Жанубий Корея каби қитъа грандларига қарши ўртоқлик ўйинларида мос равишда 0:1, 0:4 ҳисобларида ютқазди. Бир ёки камида икки бош баланд бўлган Уругвайдан учта гол ўтказилди. Туркия эса деярли иккинчи таркиби билан Ўзбекистонни 2:0 ҳисобида таслим қилди. Кўриб турибсиз, кучли жамоаларга қарши бирорта ўйин Ўзбекистон фойдасига ҳал бўлмаган. Тартибли ҳимоя ҳақидаги гап-сўзлар эса мана шу ўйинлардан келиб чиқиладиган бўлса, Абдулла Қаҳҳорнинг машҳур романи «Сароб»дек кўринади гўё.

Энди эса Купернинг Ўзбекистон бошқарувидаги барча ўйинлар статистикасини тақдим этамиз:

2018 йил

  • 06.09.2018. Ўзбекистон — Сурия 1:1
  • 11.09.2018. Ўзбекистон — Эрон 0:1
  • 13.10.2018. Ўзбекистон — Шимолий Корея 2:0
  • 16.10.2018. Ўзбекистон — Қатар 2:0
  • 15.11.2018. Ўзбекистон — Ливан 0:0

2019 йил

  • 09.01.2019. Ўзбекистон — Уммон 2:1
  • 13.01.2019. Туркманистон — Ўзбекистон 0:4
  • 17.01.2019. Япония — Ўзбекистон 2:1
  • 21.01.2019. Австралия — Ўзбекистон 0:0 (пенальтилар бўйича 4-2)
  • 22.03.2019. Ўзбекистон — Уругвай 0:3
  • 26.03.2019. Хитой — Ўзбекистон 0:1
  • 02.06.2019. Туркия — Ўзбекистон 2:0
  • 07.06.2019. Ўзбекистон — КХДР 4:0
  • 11.06.2019. Ўзбекистон — Сурия 2:0
  • 05.09.2019. Фаластин — Ўзбекистон 2:0
  • 09.09.2019. Ўзбекистон — Ироқ 0:0

Умумий статистика:

  • Ўйинлар сони: 17 та
  • Ғалаба: 7 та
  • Дуранг: 4 та
  • Мағлубият: 6 та
  • Тўплар нисбати: 19-16

Унинг ўйин фалсафаси Ўзбекистон терма жамоасига мос келгани ёки йўқлиги бўйича саволни эса очиқ қолдирамиз. Хулоса, ҳар кимнинг ўзига ҳавола.

Ўзбекистон терма жамоаси ва Купер. Ижтимоий тармоқларда нима гап?

Фаластинга қарши ўйиндан сўнг Вадим Абрамовга алоқага чиқилгани айтилди:

Фаластиндан қабул қилинган мағлубият ҳақида

Купер ва Друлович жамоаси ўйинлари ҳақида

Абрамов ҳақида

Футболчиларнинг жон куйдириб ўйнамаслиги ҳақида

«Миллион»чи Даврон Кабулов терма жамоа бошқарувини яна бир бор ўзига беришларини сўради

Қатарда ишлаётган Алишер Никимбаев эса бунга ўзига хос тарзда жавоб қайтарди

Айб Куперда эмаслиги ҳақида

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!