«Яндекс» ҳайдовчисиз бошқариладиган автомобиллари 2018 йилнинг бошидан буён Россия, АҚШ ва Исроил бўйлаб 1 миллион километр масофани босиб ўтди, деб хабар беради «VC.ru».

Фото: «VC.ru»

Машиналар ушбу масофанинг асосий қисмини барча фойдаланиши мумкин бўлган йўлларда босиб ўтган. Компания вакилининг сўзларига қараганда, йўлларнинг асосий қисми Москва шаҳри ҳисобига тўғри келади. Унинг таъкидлашича, тест жараёнлари ҳар қандай об-ҳаво шароитида, йўллардаги турли вазиятларда, сутканинг ҳар қандай вақтида ўтказилмоқда.

2019 йилнинг бошидан буён «Яндекс» ҳайдовчисиз бошқариладиган машиналари 900 минг километрдан ортиқ масофани босиб ўтган. 2018 йилда эса уларнинг кўрсаткичи 75 минг километрга тенг бўлган.

Ҳайдовчисиз бошқариладиган режимда 1 миллион километр масофани фақатгина ишлайдиган технология мавжудлигида босиб ўтиш мумкин. Энди бир ҳафтада миллион километр босиб ўтиши учун флотни кенгайтириш вақти келди.

Бу бизга йўл сценарийларини янада яхшироқ ўрганишимиз, кам учрайдиган ҳолатларда қандай ҳаракатланиш кераклиги борасида мавжуд алгоритмларни такомиллаштириш ҳамда шу орқали технологияни янада ривожлантириш имконини беради.

Дмитрий Полишук, «Яндекс» ҳайдовчисиз бошқариладиган автомобиллар йўналиши раҳбари

«Яндекс»нинг синов флотида 50 дан ортиқ машина мавжуд, бироқ компания жорий йил охирига қадар уларнинг сонини 100 тага етказишни режалаштирмоқда. 2021 йил охирига бориб эса уларнинг сони 1000 тага етиши мумкин. «Яндекс» 2023 йилдан бошлаб мегаполисларда йўловчиларни ҳайдовчисиз бошқариладиган автомобилларни йўлга қўйишни режалаштирган.