Ўзбекистонликлар жуда ҳам кўп электр энергияси истеъмол қилмоқда. Бу фикр 11 сентябрь куни журналистлар билан бўлиб ўтган мулоқотда Энергетика вазирлиги тизимидаги жамият бош бошқармаси бошлиғи Абдурашид Мирзаев томонидан билдирилган, дея хабар бермоқда «Kun.uz».

Абдурашид Мирзаев.
Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

«Мен бир қўшимча қилмоқчиман. Одамларда тежаш деган нарса йўқ. Истеъмолчи ўзи билиши керак қанча ишлатишини. Хоҳлаган нарсасини улаб олаверса, кабел кўтармай куйиб кетса. Бунинг зарари бозоргаям тушади, янги трансформатор ўрнатиши керак бўлган ташкилотга ҳам... Бутун дунёдаги энг ривожланган давлатлардан ҳам кўпроқ электр энергияси истеъмол қиларканмиз. Жуда кўп истеъмол қиламиз. Нафақат аҳоли, ташкилотлар ҳам. Шу туфайли тежамкорлик маданиятини шакллантиришимиз керак», — деб айтган Мирзаев.

Мутасаддидан айнан қайси давлатлар билан солиштирилгани ва бунинг аниқ рақамлардаги ифодаси ҳақида сўралганида аниқ рақамлар келтирилмаган. «Ҳудудий электр тармоқлари» компанияси мутахассиси Дилшод Юсуфалиев эса бу масалада шундай қўшимча қилган: «Бошқа давлатлар билан солиштирилувчи аниқ рақамларга келсак, бундай маълумотларни айни пайтда келтира олмаймиз. Аммо шуниси аниқки, электр энергияси бизда қўшни давлатларга нисбатан арзон. Бу борадаги Президент қарорида мазкур масала алоҳида ва батафсил кўрсатиб ўтилган».

Эслатиб ўтамиз, журналистлар билан 10 сентябрь куни бўлиб ўтган очиқ мулоқотда Фермерлар кенгаши раиси Актам Ҳайитов ўзбекистонликлар жуда кўп гўшт истеъмол қилаётганини, бу эса ўз навбатида гўшт нархининг ошишига сабаблардан бири эканини таъкидлаган эди.