Ижтимоий тармоқларда «Қишлоқ туғруқхонаси ёпилиб, аёллар уйда туғишга мажбур бўлмоқда» сарлавҳаси остида Каттақўрғон туманидаги «Мойлисой» ва «Қоқсой» ҚФЙ аёлларига хизмат кўрсатиб келган Мойбулоқ туғруқ бўлимининг олти ой аввал ёпилиши ҳудуддаги ҳомиладор аёллар учун жиддий қийинчилик туғдираётгани акс этилган видеолавҳа тарқалган эди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг хабар беришича, материалдаги ҳолат Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан атрофлича ўрганилди.

Каттақўрғон тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқ мажмуаси 100 ўриндан иборат бўлиб, шундан 15 та ўрин Мойбулоқ туғруқ бўлимига ажратилган. Айни пайтда туманда туғруқлар сони бир ойда ўртача 351 нафарни ташкил қилса, шундан Мойбулоқ туғруқ бўлимига ҳудуддан мурожаат қилганлар сони бор-йўғи 9 нафарни ташкил қилган.

Айтиш мумкинки, ижтимоий тармоқларда тарқалган юқоридаги материалда 9000 нафар туғиш ёшидаги аёл яшовчи бу ва унга туташ дашт қишлоқлари туман марказидан 30—40 километр масофада жойлашгани боис тўлғоқ тутган аёллар шаҳар туғруқхонасига етолмай йўлда ёки уйида туғишга мажбур бўлаётгани ҳақидаги иддаолар ҳақиқатдан йироқ.

Чунки Каттақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси туғруқ комплекси билан Мойбулоқ оилавий поликлиникаси ўртасидаги масофа 14 километрдан зиёдроқни ташкил қилади. Ўрганишлар натижасида 2018 йил давомида Мойбулоқ туғруқхонасида амалга ошган туғруқлар кунига биттадан ҳам тўғри келмаслиги аниқланди. Табиийки бундай ҳолатда, бу ерда туғруқхона бўлимини сақлаб туриш ўзини оқламайди.

Мойбулоқ туғруқ бўлимида шарт-шароитлар йўқлиги мутасадди ташкилотлар томонидан ўрганилиб, ҳудудда талабга жавоб бера оладиган қишлоқ оилавий поликлиникаси борлиги ва бу ерда туғруқ учун 4 ўринли бўлим ажратилишини инобатга олиниб, Мойбулоқ туғруқ бўлими фаолияти тўхтатилган.

Қолаверса, жорий йилда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси мутахассислари бир неча марта мазкур ҳудудга бориб ўрганишлар олиб борди. Унда қишлоқ оилавий поликлиникасида туғруқ учун яратилган шароит ва тез тиббий ёрдам бригадалари билан тўлиқ таъминланганлиги боис бу ерда туғруқ юзасидан бирон бир жиддий муаммо аниқланмаган.

Бундан ташқари, ҳозирда Мойбулоқ ҳудуди бўйича 3 та тез тиббий ёрдам хизмати шохобчаси ташкил этилган бўлиб, тоғли ҳудудларда юришга мўлжалланган замонавий автомашиналар билан таъминланган. Ҳудуд аҳолиси сифатли патронаж хизмати билан тўлиқ қамраб олинган. Бу эса ҳудуддаги аҳолининг тиббий хизматдан самарали фойдаланиш имконини беради. Шу билан бирга туман тиббиёт бирлашмаси шифокорлари Мойбулоқ ҳудудидаги нафақат ҳомиладор аёллар, балки аҳолини ҳам мунтазам равишда тиббий кўрикдан ўтказиб келмоқда, дейилади хабарда.