Болалар ёшликдан балоғатга қадар ота-онаси, ака-укаси ёки қариндошларидан ўрнак олишга интилиши сир эмас. Футболда ҳам шундай: қизиқишлар ва мақсадлар авлоддан авлодга ўтиш анъанаси йиллар мобайнида давом этиб келмоқда. Жумладан, ота футболчи бўлса, ўғиллар вақти келиб, уларнинг йўлини давом эттиришга ҳаракат қилади. Кимдир бунинг уддасидан чиқади, кимдир эса йўқ. Аммо миллионлар ўйини оиласида шундай номлар борки, уларни биз ота-ўғил издошлар сифатида эмас, балки ака-ука сифатида биламиз. Қуйидаги мақолада дунё футболида ўз ўрнига эга бўлган энг машҳур ака-ука футболчилар ҳақида сўз юритамиз.

Коло ва Яя Туре

Фото: Google Images

Кот-д’Ивуарнинг Буака шаҳрида туғилган ака-ука Турелар Европа футболида ўз изларини қолдира олди. Яя 2001 йилда Бельгиянинг «Беверен» клубида профессионал футболдаги илк қадамларини ташлай бошлайди. Бир йил ўтиб, Коло қандайдир ўртамиёна клубга эмас, балки Лондоннинг «Арсенал»и аъзосига айланди. Коло Туре «тўпчилар» сафида бир нечта совринга эга чиқди. У клуб таркибида 329 та ўйин ўтказди. Сол Кембелл билан эса Премьер Лига тарихидаги энг кучли ҳимоя тандемларидан бирни ҳосил қилди. 2009 йил «Манчестер Сити» Колони Лондон клубидан 18,7 миллион еврога сотиб олди. У «Сити»да 3 мавсумни ўтказиб, «Ливерпуль»га йўл олди. Колонинг футболчилик фаолиятидаги сўнгги клуб «Селтик» бўлди. Айни дамда Ҳабиб Коло Туре «Лестер» мураббийлар штабида фаолият олиб бормоқда.

Акасидан фарқли ўлароқ Яянинг фаолияти бир мунча ёрқинроқ бўлди. «Беверен»дан сўнг футболчи Донецкнинг «Металлург» клубида бир мавсум тўп сурди. Шундан сўнг Грецияга йўл олиб, «Олимпиакос» шарафини ҳам худди шунча вақт давомида ҳимоя қилди. Бу орада футболчини «Монако» сотиб олди. Орадан бир йил ўтиб, Яя 9 миллион евро эвазига «Барселона» аъзосига айланди. Каталония клубида кичик Туре ўз позициясида дунёнинг энг яхши футболчиларидан бирига айланди. Яхши футболчилар учун пул сарфлашдан қочмайдиган «Манчестер Сити» эса Туре учун 2010 йилда каттагина сумма — 30 миллион евро тўлади. У «шаҳарликлар» сафида ўз вақтининг энг кўп ҳақ тўланадиган футболчисига айланди. Ва шунга яраша клуб тарихида муносиб из қолдиришга эришди. «Сити»дан кетиб, футболчи яна «Олимпиакос» сафига йўл олди. Бироқ 36 ёшли футболчи тез орада фаолиятини якунлашга шама қилди.

Турелар оиласида яна бир футболчи бор эди. Бу оиладаги энг ўртанча йигит — Иброҳим эди. Иброҳимга ёрқин фаолият насиб этмади. У 2014 йил Манчестер шаҳрида 28 ёшида оққон касаллигидан вафот этган.

Эден ва Торган Азар

Фото: Google Images

Замонавий футболнинг энг ёрқин ўйинчиларидан бири Эден Азар профессионал футболчилар оиласида дунёга келган. Эденнинг ота-онаси профессионал футболчи бўлган. Эденга ҳомиладор бўлган футболчининг онаси катта футбол билан хайрлашади. Эдендан сўнг Азарлар оиласида яна уч ўғил фарзанд дунёга келади. Уларга Торган, Килиан ва Итан деб исм қўйишади. Азарлар оиласида энг омади чопгани, шубҳасиз, Эден ҳисобланади. Футболчи «Лилль» билан Франция чемпионига айланиб, дунё футболи жамоатчилиги эътиборини тортди. 2012 йил ёзида эса Эден 35 миллион евро эвазига «Челси»га ўтди. Англияда эса Эден янги савияга чиқди. Топ ўйинчига айланди. Шу билан билан Бельгия терма жамоасида ҳам ўз ўрнини топиб, етакчи ва сардор бўлди. Эден яқиндагина ўзининг болаликдаги орзусига эришди. У «Челси»дан 100 миллион евро (бонуслар билан ҳисоблаганда 130 миллионга етиши мумкин) эвазига «Реал»га ўтди.

Европа футболида ўз ўрнини топиб бораётган Азарлардан бири — Торгандир. У ҳам акаси каби фаолиятини Францияда бошлаган. 2012 йил Торган «Ланс» сафидан акаси билан «Челси»га йўл олади. Аммо Эдендан фарқли ўлароқ Торганга Англияда ўзини кўрсатиши имконияти тақдим этилмади. Бироқ Торган ортга чекинмади ва Германия Бундеслигасида ўз ўрнини топди. 2015 йил ёзидан 2018/19 йилги мавсум сўнггига қадар Торган «Боруссия Мюнхенгладбах» клубининг ҳақиқий етакчиси сифатида футбол жамоатчилиги ва скаутлари эътиборини ўзига қарата олди. 2019 йил ёзги трансферлар вақтида эса 25,5 миллион евро эвазига Дортмунднинг «Боруссия» клуби аъзосига айланди. Бундан ташқари Бельгия терма жамоасида ҳам ўз ўрнини топиб, акаси Эден билан ёнма-ён тўп тепмоқда.

Акаларидан фарқли ўлароқ Килиан ҳамда Итан ҳали футболда ўз сўзини айта олганича йўқ. Энди 16 ёшни қаршилаган Килиан «Серкл Брюгге» аъзоси, кичик Азар — Итан эса Бельгиянинг қуйи лигаси вакили «Тюбиз» сафида футболга илк қадамларини қўймоқда.

Кевин-Принс ва Жером Боатенг

Фото: Google Images

Кевин-Принс ҳамда Жером Боатенглар ўгай ака-ука бўлишга қарамай жуда ҳам яқинлиги билан мухлисларга яхши таниш. Футболчиларнинг отаси бир, онаси эса бошқа. Кевин-Принс 1 ёшга Жеромдан катта. Принс Жеромдан фарқли ўлароқ футболга катта қийинчиликлардан ўтибгина кириб келган. У ёлғиз онаси қўлида тарбия топган. Кевин интервьюларидан шунчалик аянчли шароитларда яшаганлигини тан олиб шундай деганди: «Олдимда икки йўл бор эди. Ёки безори, ёки футболчи бўлиш». Аммо футболчи жиноятчига айланмади. У миллионлар ўйинини танлади. Фаолияти давомида катта Боатенг Германия, Англия, Италия ва Испаниянинг кўплаб клубларида тўп суришга муваффақ бўлди. Боатенг ҳаётидаги энг кутилмаган воқеалардан бири 2019 йил январида содир бўлди. «Барселона» футболчини Италия А Сериясининг ўртамиёна клуби «Сассуоло»дан ижарага олди. Боатенг бу ҳолатдан ҳайратда қолганини яшириб ўтирмади. Аммо Кевинга Каталонияда узоқроқ қолиш насиб этмайдиган бўлди. Омадиз мавсумдан сўнг яна Италияга қайтадиган бўлди.

Кичик Боатенг — Жером эса акасига қараганда футболда омади чопганлардан. У акасидан фарқли ўлароқ камроқ клубларни алмаштирган. Фаолияти давомида «Ҳерта», «Ҳамбург», «Манчестер Сити»да тўп сурган. Айни дамда «Бавария» шарафини ҳимоя қилмоқда. Жером 7 марта Германия чемпионлигини қўлга киритган. Шунингдек, 2012/13 йилги мавсумда Европа Чемпионлар Лигасида ғолибликка эришган.

Яна қизиқарли жиҳатлардан бири шуки, иккала футболчи ҳам турли терма жамоалар шарафини ҳимоя қилади. Жумладан, Жером Боатенг Германия терма жамоаси сафида 76 та ўйин ўтказган. Кевин-Принс эса Гана термаси сафида 15 та баҳсда майдонга тушган. Ганада футболчиларнинг отаси таваллуд топган. Аммо қайд этиш жоиз, икковлон ҳам мамлакат бош жамоаси борасида танлов қилишдан олдин, Германия ўсмирлар ва ёшлар терма жамоасида тўп сурган.

Пол, Флорентен ва Матиас Погба

Фото: Google Images

Замонавий футболдаги энг машҳур ака-укалар триоси, сўзсиз, Погбалар оиласига тегишли. Улар ичида энг омадли ва истеъдодлиси эса шубҳасиз «кичкинтой» — Пол Погба. Матиас ҳамда Флорентен Погбалар оиласининг эгиз фарзандлари бўлиб, икковлон Полдан 2,5 йил олдин дунёга келган.

Футбол дунёси айни дамда фақат Пол Погбани гапиради, кўрсатади. У «Ювентус» ва «Манчестер Юнайтед»даги ўйинлари билан кўпчиликнинг севимли ўйинчисига айланган. Неймар трансферига қадар ҳатто Пол дунёнинг энг қимматбаҳо футболчиси бўлиб турди. «Манчестер Юнайтед» Полни «Ювентус»дан қайтариши учун 2016 йил 105 миллион евронинг баҳридан ўтганди. Полнинг омади нафақат клуб борасида, балки терма жамоа борасида ҳам кулган. Кичик Погба Франция терма жамоаси билан биргаликда 2016 йил Европа вице-чемпионига айланган бўлса, 2018 йилда Россия майдонларида Жаҳон чемпионлигини тантана қилди.

Флорентен ва Матиас Погбалар эса Полнинг натижаларига яқин ҳам кела олганича йўқ. Эгизаклар Полдан фарқли ўлароқ Францияда эмас, балки Гвинеяда таваллуд топган. Шу боисдан ҳам улар Гвинея миллий термаси сафида ҳаракат қилади. Клуб борасида ҳам улар Полнинг олдига туша олишмади. Флорентен айни дамда АҚШнинг «Атланта Юнайтед» жамоаси аъзоси, Матиас бўлса Франциянинг «Тур» жамоаси тўп сурмоқда. Эгизаклар укаси Пол сабаб футбол оламида анча машҳур. Трио тез-тез омма олдида биргаликда кўриниш бериб туради. Ака-укалар ўртасида қариндошлик алоқалари қанчалик мустаҳкам бўлса, футбол уни миллионлаб мухлисларга янада кўринарли қилишига ҳеч қандай шубҳа йўқлиги ҳам рост.

FootballHD материал асосида Асрор Абдуназаров тайёрлади.