Россиянинг Екатеринбург шаҳри мезбонлик қилаётган ҳаваскор боксчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионатини ўзбекистонлик Дилшод Рўзметов ҳам ғалаба билан бошлади. Бу ҳақда мамлакат бокс федерацияси матбуот хизматининг Telegram’даги саҳифасида хабар берилди.

Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси

-81 кг вазн тоифасида рингга кўтарилган Дилшод Рўзметовга дастлабки босқичда мўғулистонлик Нармандах Шинебаяр рақиблик қилди. Жанг тўлиқ уч раунд давом этди. Ҳакамлар бир овоздан Дилшоднинг ғалабасини қайд этди ва Рўзметов мусобақанинг иккинчи босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Қайд этиш жоиз, аввалроқ Фанат Қаҳрамонов бошқа бир мўғулистонлик рақибини енгиб, иккинчи босқичга йўлланма олганди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда жанглар чорак финалдан бошлаб УзРепорт телеканали орқали намойиш этилади.

Қуръа натижаларига кўра, қолган боксчиларнинг рақиблари қуйидагича:

  • -52 кг: Шаҳобиддин Зоиров—Гулижанов (Туркманистон)
  • -57 кг: Миразизбек Мирзаҳалилов—Де Андраде (Бразилия)/Иванов (Польша)
  • -63 кг: Элнур Абдураимов—Бин Базиз (Жазоир)
  • -69 кг: Бобоусмон Батуров—Аррегуи (Аргентина)/Миккалеф (Черногория)
  • -91 кг: Санжар Турсунов—Хулио Бланко (Колумбия)/Тейшейра Да Сильва (Бразилия)
  • +91 кг: Баҳодир Жалолов—Рогава (Украина)/Рамазон Пурделавар (Эрон)

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!