Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев халққа мурожаатида қонунчиликда жинсий зўравонлик учун жазо кучайтирилишини билдирди. Мамлакатда охирги йилларда бу борадаги мавжуд ҳолат қандай эди?

Фото: Sputnik

Қозоғистон Бош прокуратураси очиқ базасида жинсий зўравонлик билан боғлиқ 151 ҳолат қайд этилган.

Маҳаллий ЖКнинг 121-моддаси «Жинсий йўналишдаги зўравонлик ҳаракатлари деб номланади. 2003 йилда бу бўйича павлодарлик 20 яшар фуқаро 12 ёшли болага нисбатан зўравонлиги учун 12 йил қамоқ жазосини олган. Муддатини тўлиқ ўтаган. 2008 йилда Акмола вилоятида яшовчи 24 яшар йигит 6 яшар болага нисбатан ножўя ҳаракатлари учун 8 йилга қамалган. Павлодарлик яна бир шахс ҳам мазкур модда бўйича 2005 йилда 8 йилга ҳукм қилинган.

Қизилўрда вилояти фуқароси эса шундай жинояти учун 2008 йилда 11 йил қамоқ жазоси олди, бироқ 2015 йилда озодликка чиқди. Жанубий Қозоғистон вилоятида яшовчи шахс 2010 йилда 10 йилга ҳукм қилинди, бироқ у ҳам 2017 йилдаёқ чиқиб келди.

Шу каби ишларни таҳлил қилганда, 121-модда бўйича энг кўп қўлланган муддат 8 йил эканлиги ҳақида хулоса қилиш мумкин.

Бевосита 120-моддани («Зўрлаш») оладиган бўлсак, 2002 йилда Экибастуз суди 19 яшар йигитни 11 ёшли болани зўрлагани учун 14 йилга ҳукм қилди. У 9 йилдан кўпроқ ўтирди. Унинг павлодарлик тенгдоши эса 13 яшар бола устидан зўрлик учун 9 йил қамоқ жазоси олган. Шарқий Қозоғистон вилоятида яшовчи 44 ёшли эркакка 2008 йили 10 яшар болага нисбатан зўрлик учун 10 йил берилган. У жазо муддатини тўлиқ ўтаган. 2007 йили Жанубий Қозоғистон вилоятидан 21 яшар йигит ҳам шунча муддат олганди.

Бу модда бўйича умумий жазо муддатини аниқлаш мушкул бўлди: санаб ўтилган ишларда судьялар 4 йилдан 14 йилгача озодликдан маҳрум этган.