Тошкентда ММА профессионал жангчиси Муслимбек Омонов муштлашувда олган жароҳати оқибатида вафот этди. Тошкент шаҳар ИИББ бу ҳақда тарқалган хабарларни тасдиқлади.

Фото: «Kun.uz»

Маълум бўлишича, 11 сентябрь, чоршанбага ўтар кечаси соат тахминан 00:50да Юнусобод туманида жойлашган кафеларнинг бирида бир-биридан алоҳида икки даврада ўтирган йигитлар ўртасида можаро келиб чиққан.

Томонлар кўчага чиқиб, Шайхонтоҳур туманига қараб йўл олган ва у ерда муштлашув келиб чиққан. Натижада уч киши тан жароҳатлари билан касалхонага мурожаат қилган, улардан бири — 23 ёшли Муслимбек Омонов шифокорлар саъй-ҳаракатларига қарамай вафот этган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. ИИББдан маълум қилишларича, можаронинг барча иштирокчилари аниқланган. Тергов давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил августида Юнусободда жойлашган Аурум 898 тунги клубида рўй берган пичоқбозлик оқибатида эркин курашчи, халқаро тоифадаги спорт устаси Жамшид Кенжаев вафот этганди.