Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур 12 сентябрь, пайшанба куни Ислом цивилизацияси маркази директорининг ўринбосари лавозимига тайинланди. Бу ҳақда диний идоранинг расмий веб-портали хабар бермоқда.

Фото: Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Хабар беришларича, мазкур тайинлов «Ислом дини илмлари ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломаларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш, улар томонидан асос солинган илмий фаолиятни қайта тиклаш ва ривожлантириш борасидаги ишларни жадаллаштириш мақсадида» амалга оширилган.

Фото: Ўзбекистон мусулмонлари идораси

«Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратларининг масъулиятли ва шарафли янги вазифаларида Аллоҳ таборака таолодан улкан муваффақиятлар тилаймиз», — дейилади диний идора расмий веб-порталида эълон қилинган ахборотда.

Шайх Абдулазиз Мансур (1944 йили Фарғона туманида туғилган) Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом олий ма’ҳади (1975—1979) ва Судан Ислом университетини (1980—1981) тамомлаган. Меҳнат фаолиятини «Совет Шарқи мусулмонлари» журналида масъул котиб сифатида бошлаган.

У 1982—2006 йилларда диний идора Фатво бўлими мудири, Шарқшунослик институтида илмий ходим, «Мовароуннаҳр» нашриёти мудири, Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи, Президент давлат маслаҳатчиси, Тошкент Ислом университети проректори каби лавозимларда ишлаган.

Шайх Абдулазиз Мансур 2006 йилдан буён Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари сифатида ишлаб келаётган эди. У, шунингдек, 2018 йил июн ойидан 2019 йил январига қадар Тошкент шаҳрига бош имом-хатиб сифатида ҳам хизмат қилди.

«Ziyouz.com»нинг ёзишича, шайх Абдулазиз Мансур амалга оширган «Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири» қайта-қайта нашр қилинган. У «Саҳиҳи Бухорий»ни таржима ва шарҳ қилиб, икки жилдда нашр эттирган. «Gazeta.uz»нинг қўшимча қилишича, шайх Халқаро фиқҳ Ислом академияси ва Мусулмон уламолар олий кенгаши аъзосидир.

Маълумот учун, куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Усмонхон Алимов ишдан олингани ҳақида хабарлар тарқалган эди, сўнг бу хабарлар рад этилди. Ундан аввалроқ Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раҳбариятида ўзгаришлар юз берган эди.