Туркманистоннинг Лебап вилоятидаги Чоржой туманида қарийб 1 йилдан ортиқ вақт давомида ун давлат нархида сотилмай қўйди, деб хабар бермоқда «Хроника Туркменистана».

Фото: «Хроника Туркменистана»

Маълум бўлишича, август ойида маҳаллий ишлаб чиқарилган ва сифати паст бўлган 50 килограммлик қопдаги унни хусусий савдогарлардан 100 манатга сотиб олиш мумкин бўлган. Аммо охирги вақтларда уни ҳатто 200 манатга ҳам топиб бўлмай қолган.

Ун билан боғлиқ вазият Лебап вилоятининг маъмурий маркази бўлган Туркманободда бир мунча яхшироқ. У ерда Қозоғистонда ишлаб чиқарилган 1 қоп унни 200—230 манатга сотиб олиш мумкин.

Аммо ҳатто у ерда ҳам нон нархи сезиларли кўтарилган. Июлда сутга қорилган ёпган нон 3 манат турган бўлса, ҳозир 5 манат. Қуруқ сутга қорилган ёпган нон 5 манатдан 7 манатга қимматлаган, патир нон нархи эса 5 манатдан 8 манатга ошган.

Хабарда қайд этилишича, мамлакатнинг бошқа вилоятларида ҳам ун анчадан бери давлат томонидан белгиланган нархда сотилмаяпти.

Бундан аввал Туркманистон шарқида сотувда маҳаллий ун йўқолиб қолгани, нон икки баравар қимматлагани ҳақида хабар берилганди.