Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Атакўй туманида официантлар ўрнига роботлар хизмат кўрсатмоқда. «РИА Новости»нинг ёзишича, бу ҳақда ресторан директори Мужаҳид Кушман маълум қилган.

Фото: «РИА Новости»

«Ресторан мижозларига хизмат кўрсатиш учун роботларни жорий этиш ғоясини биринчи бўлиб мижозларимиздан бири бўлган профессор таклиф қилган. Биз бу ғояни рўёбга чиқардик. Шунингдек, роботларни ўзимизга бренд қилдик ва муаллифлик ҳуқуқини расмийлаштирдик. Ҳозир бизда хориждан буюртма қилинган ва туркиялик муҳандислар дастурлаган 3 та робот бор», — деган ресторан директори.

Фото: «РИА Новости»

Унинг айтишича, роботлар аллақачон ресторанга кўплаб мижозларни жалб қилмоқда. «Кўпчилик бунинг қандай амалга оширилишини кўриш учунгина келмоқда. Роботлар қайси столга бориш кераклигини билади ва гапира олади. Ишончим комилки, келажакда роботлар официантлар ўрнини босади. Технология ривожланиши билан бу касбга бўлган талаб камайиб боради», — деб таъкидлаган Кушман.

Шунингдек, роботларнинг ҳеч қандай ташаббус кўрсатмасдан, айтилган вазифани сўзсиз бажариши ҳаммага ёқаётганини қўшимча қилган.