«Дарё» ижтимоий ҳаётда ўз ўрнига эга, бироқ жамоатчилик эътиборидан кўпинча четда қоладиган касб эгалари билан суҳбат қилмоқда. «Соядаги одамлар» лойиҳасининг бу галги қаҳрамони киракашлик қилаётган йигит.

Суҳбатдошимизнинг илтимосига кўра, исм-шарифи ҳамда шахсини ошкор этиши мумкин бўлган бошқа маълумотлар ўзгартирилди.

Илк марта машина ўғирлаб таксичилик қилганман

Исмим Даврон, 29 ёшдаман. Тошкентликман. 12 йилдан буён таксичилик қиламан!

Фото: «Unsplash.com»

Болалигимда ТТЗ бозорида арава тортганман. Ўқишдан чиқиб, кечгача 4-5 минг сўм ишлардим. Бир куни кечаси дадамнинг машинасини уйдан олиб қочиб, таксичилик қилганман. Туни билан ишлаб 35 минг сўм топганман. Ўша пайтлари 35 минг сўм катта пул эди. Завқи бошқача бўлган. Топган пулларимни эса уйдагиларга бермай, фақат ўзим ишлатардим. Хоҳлаган нарсамни олардим, ердим, ичардим. Ҳар доим чўнтагимда жарақ-жарақ пул юрар, мактабда мендан бой ўқувчи йўқ эди. 18 ёшга кирганимдан кейин ҳайдовчилик гувоҳномасини олдим. Аввал қизиқишга бошланган иш кейинчалик касбимга айланди.

Нарх нимага қараб белгиланади?

Албатта, киракашнинг инсофига қараб. Лекин Ўзбекистонда бошқа давлатларга нисбатан йўл ҳақи жуда арзон деб ўйлайман. Чунки ишчи кучи арзон, ойликлар паст. Табиийки, нарх-наво ҳам шунга яраша. Бундан ташқари, йўлларда турли хил муаммоларга дуч келасиз. Жарималарнику, айтмай қўяқолай. Талаб кўп, лекин йўл ҳақи арзон.

Фото: «Unsplash.com»

Ҳар бир туманнинг ўз «ставка»си бўлади. Чекка туманларда нарх арзон, марказда қимматроқ. Мисол учун, Чирчиқдан Тошкентгача 5 минг сўмга келиш мумкин. Чунки деярли барча машина Тошкентга кириб келади. Йўли бўлгани учун таксичилар ортиқча пул сўрамайди.

Кўчадаги киракашларда аниқ нарх белгиланмаган. Лекин «Яндекс.Такси»да бор. Тунда ишлаганим сабабли, асосан, «Яндекс»да юраман. Бу йўловчилар учун қулай ҳам хавфсиз. Соат неча бўлишидан қатъий назар мижоз эшигининг тагигача келиб, манзилигача элтиб қўяди. Ҳайдовчилар учун фойдаси эса ҳар доим мижози бор.

Таксичилар одамига қараб пул оладими?

Таксичилар жуда синчков бўлади. Бир кўришда вилоятлик билан тошкентликни ажратиб олади. Четдан келганлигини, нарх-навони яхши билмаслигини сезиб алдаши мумкин. Лекин ҳамма вилоятликлар ҳам гўл эмас, нарх-навони жуда яхши билади.

Кейин йўловчининг кийинишига ҳам қараб таксичилар кўп сўраши мумкин. Лекин бир нарсани айтишим керак, аксарият бой одамлар жуда паст. Ундан камбағаллар мард бўлади.

Чиройли қизларга нарх пастлатиб айтиладими?

Ҳа, кўпчиликда шундай. Чиройли қизларни, аёлларни кўрганда нафақат биз, балки бошқа эркаклар ҳам таксичилик қилгиси келиб қолади. Машинамга чиқса, танишсам, гаплашсам дейди.

Аксарият киракашлар ҳам яхши гапирса, «илтимос, обориб қўйинг», деб сузилиб узоқ йўлга анча паст нарх айтса ҳам йўқ деёлмай олиб кетади. Табиатан эркаклар шундай! Лекин профессионал киракашлар бундай қилмайди.

Яқинда бир аёлни болалари билан уйига обориб қўйгандим, майин овозда «раҳмат, акажон» деб тушиб қолди. Тўғри маънодакуя, лекин нима бўлганда ҳам аёл киши киракашга «жон» қўшимчасини қўшиб айтиши яхши эмас. Умуман олганда, қиз-жувонлар бегона эркаклар билан сал жиддийроқ ва расмийроқ оҳангда гаплашиши керак.

Аммо тан оламан, ёшлигимда чиройли қизларни кўрганда ўзимни йўқотиб қўярдим. Арзон нархга ҳам, ҳатто бекорга ҳам манзилига элтардим. Лекин ҳозир у ёшдан анча ўтганман. Қиз-жувонларнинг чиройига, ширин муомаласига, нозланишларига қараб ўтирмайман. Минг чиройли бўлсада, манзилга тўғри келган пулни айтмаса олиб кетмайман.

Киракаш кунига қанча топиши мумкин?

Даромад машинангизнинг русумига боғлиқ. Айтайлик, Matiz’да юрадиган киракашлар кунига 150-200 минг сўм, Spark, Nexia, Lacetti’дагилар бундан кўп топади. Сабаби тариф қимматлашади. Километрига 1000 сўм эмас, 1200 сўм бўлиши мумкин. Кейин кўчада одамлар ҳам машинангизга қараб пул беради.

Лекин шунақа ишнинг кўзини биладиган киракашлар борки, Matiz’да ҳам кунига 300-400 минг сўм топади. Биринчидан, уларнинг доимий мижозлари бор. Кейин қиммат ресторанлар олдида туришади. Ичиб олганларнинг машинасини уйигача олиб бориб, 100 минг сўмгача олади.

Доимий мижозларим деярли йўқ

Очиғи, буни ёқтирмайман. Сабаби ҳар доим уларнинг хизматини қилишингиз керак. Одамларга қанча яқин бўлсангиз, шунча эркаланиб кетади. Кам пул беради ёки насияга юради. Бу борада жуда кўп панд еганман. Юз иссиқ, бир нима деёлмайсиз. Ундан кўра бегона одамнинг хизматини қилган маъқул.

Ҳозир ҳам жуда кўп дўстларим шундай. Танишсанку, деб кам пул беради ёки умуман бермайди. Нима бўлибди таниш бўлсам? «Заправка»да бензинни бу дўстларини обориб қўйибди, деб текинга ёки арзонга қуйиб бермайдику!

Иккинчи тарафдан, аксарият «клиент»лар чиройли машиналар: Lacetti ва Spark’да юришни истайди, Matiz’да эмас.

Тунда кўп ишлар содир бўлади...

Тунда юрганингизда ҳар доим нимадир содир бўлади. Кимдир атай машинангизни сиқиши, сизни сўкиб кетиши мумкин. Бундай вазиятларда ҳақ бўлсам ҳам индамайман. Ҳайдовчи бееътибор ва кечирувчан бўлиши керак. Ҳар бир ҳолатга эътибор бераверса, урушаверса, муаммодан боши чиқмайди. Айниқса, бизнинг жамиятда.

Яқинда шунга ўхшаш бир ҳолат бўлди. Пайнет шохобчасига кириш учун йўл четида тўхтадим. Кимдир ерга сув сепяпти, машинамга сачратяпти. Яқинда ювдиргандим, кўриб жаҳлим чиқди. Лекин ўзимни босиб, ака, машинамга сув сепиб ташлабсиз, айтмайсизми четга олиб қўярдим, десам у хоҳласам сепаман, деб сувини сачратаверди. Кейин қўлидан шлангни тортиб олмоқчи бўлганимда атрофидаги дўстлари менга ташланди. Ҳимояланишга тўғри келди. Муштлашиб кетдик.

Зарба беришга тўғри келмаганида, қўл кўтармасдим. Чунки ҳозир ҳақ бўлиб туриб ҳам ҳимояланиб, қамалиб кетиш ҳеч гап эмас. Бу вазиятда ҳам индамасдим, лекин ўта даражада шахсиятимга теккани учун хўп деб кетолмадим.

Ёлғончи одамлар жамиятини қуряпмиз

Йўловчилар билан кўплаб муаммоларга дуч келаман. Биласизми, мени энг хафа қиладигани, одамлар жуда ёлғончи бўлиб кетган. «Ака, илтимос обориб қўйинг, ҳозир пулим йўқ, Пайнет қилиб юбораман», дейди. Лекин ўнтасидан атиги учтасигина ўша пулни ташлайди, қолгани эса йўқ. Одамларнинг ўзлари ишончсизликка сабаб бўляпти.

Бироқ нима бўлган тақдирда ҳам одамгарчиликни унутмаслик керак. Ёлғончиларни деб қолганлар бадал тўламаслиги лозим. Эскилар айтганидек, қарз берган одам пули қайтмаслигини ҳисобга олиб бергани маъқул. Шунда ўзи қийналмайди.

Қолдирилган буюмлар эгасига қайтариладими?

Албатта. Қимматбаҳо буюмлар кўп қолиб кетади. Қўнғироқ қилишса, айтган жойига олиб бориб бераман.

Бир қизни «Яндекс» орқали уйига олиб бориб қўйиб, йўлимда давом этиб кетаётган эдим. Телефонимга ўша қиз қўнғироқ қилиб қайтиб келишимни, наушниги машинамда тушиб қолганини айтди. Дарров қайтиб бордим. Қарасам, у қиз тушиб қолган ерда наушниги ётган экан. У қиз чиқди ва наушнигини мендан олиб, қуруқ раҳмат билан уйига кириб кетмоқчи бўлди. Мен пул бермайсизми, деб аранг 5 минг сўм олиб қолдим.

Баъзи одамлар йўқотилган нарсаларини киракашлар қайтариб олиб келганида нафақат суюнчи, балки йўл ҳақини ҳам бермагани учун айрим таксичилар қолдирилган нарсаларни қайтаришни хоҳламайди.

Таксичининг принциплари

Биринчиси ва энг муҳими, кам нарх айтса олмаслик.

Масалан, яхши кийинган бир одам такси тўхтатиб, 10 минг сўмлик йўлга саккиз минг айтди. Муомаласи қанча яхши бўлсада олмайман. Юқорида айтганимдек, йўловчининг ташқи кўриниши ёки ширин гаплари нархни туширишимга сабаб бўлмайди.

Бироқ айрим ҳамкасбларим йўловчи баланд нарх айтсада, муомаласи ёмон бўлса олмайди. Мен эса вазиятга қарайман. Тақозо қилса, принципларимдан кечишим мумкин. Пул керак бўлиб турган пайтда кўп беряптими, олавериш керак. Ахир, ҳаммадан ҳам яхши муомала кутиб бўлмайди. таксичилик қиляпсизми, жуда кўп нарсаларга кўниб, без бўлишингиз керак. Чунки бу ҳаёт қонуни.

Машина ўзиники бўлмаса, таксичиларнинг иши қийин

Боиси ижара ставкаси баланд. Таксопаркдан Cobalt’ларнинг кунлик нархи тахминан 160-170 минг сўм атрофида. Ойига бир ёки икки кун улар ҳайдовчига дам бериши мумкин, лекин киракаш ҳеч қачон дам олмайди. Ўша кунлари ўзи учун пул ишлаб олади. Шунинг учун шерик билан ишлаши керак. Эрталаб шериги, кечаси ўзи ҳайдаса, арендани тўлай олади.

Ҳайдовчилар ДХХнинг «қулоғи»ми?

Бўлиши мумкин! Ахир ҳамма органлар ҳар хил ишлайди. Шахсан кўзим билан кўрмаганман, ушлаб олмаганману, лекин одамлар орасида шундай гап юради. Шахсан мен бунга ёмон қарамайман. Чунки давлат хавфсизлигини таъминлаш уларнинг вазифаси. Таксичи эса кўп нарсадан хабардор бўлади.

Менга ҳам ЙПХ ходимлари ичган ҳайдовчиларни кўрсанг, бизга телефон қил деб айтишади. Кўрсам, албатта хабар бераман. Кимдир буни сотқинлик дейди, кимдир пасткашлик. Бироқ ўша маст ҳайдовчиларни деб қанчадан қанча одамларнинг, болаларнинг умри хазон бўляпти? Уларни деб бир умр ногирон бўлиб қолганлар қанча. Жиноятчиларни айтиб беришнинг нимаси ёмон? Фалокатларнинг олдини олсак, ўзимизга яхши эмасми?

Бундан ташқари, энди автомобилга ўрнатилган камералар орқали қоидабузарларни керакли органларга жўнатиб мукофот олиш мумкин. Ахир ЙПХ йўқ дегани, истаган қоидабузарликни қилса бўлади дегани эмаску. Бир марта яхшигина жарима тўласа, кейинги сафар ўйлаб иш қилади.

Киракашдан эринг бўлмасин, артистдан хотининг

Кечаси ишлаганим учун фоҳишаларни кўп кўраман. Улар жамиятимизнинг энг оғир нуқтаси. «Киракашдан эринг, артистдан хотининг бўлмасин» дейишганидек, таксичиларга «у»лардан кўп таклиф бўлади. Ақл-ҳушимни йиғиб олганман. Аллоҳ сақлаганича зинодан йироқман.

Жамиятда фоҳишаларни йўқ қилиб бўлмайди. Чунки улар жуда кўп, жазолари ҳам енгил. 10 йилдан бери фоҳишалик қилиб юрганлар бор. Қўлга тушади, лекин жарима билан қутулиб кетаверади. Биринчи марта қаттиқроқ жазо олганида қайтиб бундай иш қилмаган бўлар эди деб ўйлайман. Менимча, уларни бутунлай йўқ қилиш учун давлат сал қаттиққўлроқ бўлиши, жазони оғирлаштириши ёки кўпроқ иш ўринларини яратиши керак. Ҳаммаси ишсизликдан, пул етишмаслигидан келиб чиқади.

Фото: «Unsplash.com»

Энг ёмони, охирги пайтларда бесоқолбозлар кўпайиб кетяпти. Бир куни ичи кўриниб турадиган кўйлак кийган, аёлларникига ўхшаган атир сепган, юриш-туриши аёлсифат бир йигит машинамга чиқди. Йўлда телефонига қарасам тиржайиб, эркак киши билан ёзишиб кетаётган экан. Йўлда машинадан тушириб юбордим. Минг афсуски, бунақаларни кўплаб учратяпман.

Энг кўп ахборот ҳайдовчиларда бўлади

Киракашлик шундай ажойиб касбки, ҳар куни нимадир содир бўлади. Қизиқ-қизиқ воқеалар гувоҳи бўласиз. Гоҳида машинамда эркаклар «таниши» билан кетаётган бўлади. Хотини телефон қилиб қолса, «ишдаман, безовта қилма», деб ўчириб қўяди. Кўзингиз билан кўриб индамай қўяверасиз.

Бир куни икки тиланчи аёлни болалари билан уйига обориб қўйдим. Улар тиланадиган «точка»сидан мени тўхтатишаркан, савдолашмай бўладиган нархни айтишди, мен рози бўлиб уларни манзилига элтдим. Улар машинамга шифокор ва ўқитувчилардан кўра кўп чиқади.

Ўқитувчилар, доцентлар тиқилинч автобусларда, тиланчилар эса бемалол таксида юрадиган замонда яшаяпмиз.

Киракаш — бу қаҳрамон!

Бир марта менда шундай ҳолат бўлган. Оёғи синган одамни кўтариб, травматологияга олиб чиққанман. Бу фақат менда эмас, ҳаммада бўлади. Кечаси аёллар йиғлаб, эрим ҳайдаворди, ота уйимга кетяпман дейди. У одамни обориб қўймасдан илож йўқ. Энг тошбағир одам ҳам бу ишни қилади. Бундан ташқари, бир кунда қанчадан қанча автоҳалокат бўлади. Ҳайдовчи уни кўриб, одамларни қутқариши, тез ёрдам чақириши мумкин.

Ҳамма киракашни ёмон дейди, менсимайди, лекин улар одамларга жуда кўп яхшилик ва ҳатто қаҳрамонлик қилади. Милиция ҳам ўша, «пожарний»,  шифокор ҳам ўша.

Айтмоқчи бўлганим таксичи ҳаммаси. У тўғри келган вазифани бажариб кетаверади. Шуни ишонч билан айтаманки, ҳар бир киракаш, албатта, қаҳрамонлик қилган. Лекин жамият буни билмайди. Бирор марта таксичининг орден олганини ёки тақдирланганини кўрганмисиз? Йўқ! Мен буни ноҳақлик деб биламан.

Қуруқ обрўни нима қиламан?

Бир неча йил олдин хусусий фирмада ишлаганман. Чет элдан келадиган маҳсулотни тарқатардим. Пул айланмаси жуда катта эди. Лекин бошлиғим таксида ишлаб топадиган пулимни бермаган. Обрўли фирмада ишлаб кам пул топганимдан кўра таксичилик қилиб яшаганим афзал деб ишдан кетганман.

Ҳозир ойига 6 миллион сўм топаман. Ўзбекистон шароитида ким бунча ойлик берарди? Ҳатто ИИБ ходимлари ҳам шунча олмайди.

Агар ота-онам бой ёки аждодларимдан катта мерос қолганда шараф, обрў учун 1-2 миллонга ишлашим мумкин эди. Лекин...

Худо хоҳласа, келажакда бизнес қилмоқчиман. Агар ўхшамаса, бутун умр киракаш бўлиб қоламан. Касбимдан уялмайман. Одамлар паст назар билан қараса қарайверсин. Ишим йўқ. Бировнинг фикри менга ош ҳам бермайди, нон ҳам!

Хонзодабегим Аъзамова суҳбатлашди.