Россиянинг Архангельск шаҳри ҳокимлиги ўтган ҳафтада Ленинград кўчасига чап қўлида чалғи ва ўнг қўлида энг кам тезлик 60 км/соатгача йўл белгисини ушлаган қора ридоли мурда ҳайкалини ўрнатди, дея маълум қилди Meduza.

Фото: «ВКонтакте»/ «Откритий Архангельск»

Шаҳар ҳокимияти ташаббуси билан маҳаллий рассом томонидан ясалган икки метр баландликдаги ёғоч ҳайкал савдо марказларидан бирининг ёнига ўрнатилди. Ҳокимлик вакилларининг ғояси бўйича ушбу даҳшатли ҳайкал ҳайдовчиларга машинада эҳтиёткорлик билан юришни эслатади.

Бироқ ушбу санъат асари ўрнатилган ерида бир сутка ҳам турмаган, номаълум сабабларга кўра йўқолиб қолган. Аввалига шаҳар ҳокимияти ўғирлик содир бўлгани ҳақида полицияга шикоят қилмоқчи бўлган, лекин душанба куни кўринишига бир оз путур етган ҳайкал савдо маркази атрофидаги ҳудуддан топилган.

Архангельск шаҳри ҳокимиятининг вакили Ирина Буйновская берган интервьюсида, ҳайкалнинг яна ўз жойига қайтариб ўрнатилишини маълум қилди. Шаҳар расмийлари, кейинчалик ҳайкални кўчма қилиш, автомобиллар кўп қатнайдиган ва шаҳарнинг хавфли трассаларига ўрнатишни режалаштирган.