Колумнистимиз Сарвар устанинг ёзишича, қовунлар мамлакати казо-казолари ижтимоий масалаларни ҳал қилишда давом этмоқда. Навбатдаги саммитда кўриб чиқилган масала ҳақида қуйида ўқишингиз мумкин.

Талабалар пайпоғининг узунлиги, хотин-қизларнинг рўмоли, эркакларнинг соқоли, тўй-тадбирлардаги машина сонини тартибга солувчи мутасадди пешволардан яна бир янгилик. Дарвоқе, нега саммит? Маълум бўлишича, мажлис, кенгаш, йиғилиш, шўро сўзлари эскириб-чириб кетгани, форум, конференция, симпозиум, брифинг атамалари тез модадан қолгани учун мутасадди органларнинг навбатдаги йиғилишига биратўла саммит номи берилди.

Фото: Sputnik

Охирги ҳафтада республика маърифат марказида халқ депутатлари билан ҳамкорликда ҳожатхонада қандай ўтириш мавзуида саммит бўлиб ўтди. Йиғилганлар долзарб фикрлар ва таклифларни ўртага ташлади ва кенгаш бир овоздан масаланинг долзарблигини эътироф этиб, якунида тавсиявий хулосалар чиқарди. Саммит хулосалари янги қарорга асос сифатида хизмат қилади.

Саммитда таниқли депутатлар, маънавият мафияси сардори, маданият намояндалари, партиялар ва экологик ҳаракат фаоллари, диний картель имомлари, ички ишлар полковниги, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи вакиллари иштирок этди.

Йиғилишни (жин урсин, саммитга тилим келишмаяпти) сенатор очиб берди:

- Ҳозирги кунда жамиятимизда энг долзарб бўлиб турган, турли маиший ва ижтимоий жараёнларга таъсири катта бўлган ҳожат чиқариш масаласи алоҳида эътибор талаб қилмоқда. Биз ҳукуматимиз ғамхўрлиги остида бу имкониятдан баҳраманд бўлмоқдамиз, бироқ соҳада талай кўзга кўринган муаммоларни эътироф этиш лозим. Ҳозирга қадар бу соҳада дунёда етакчилар сафида эмасмиз. Қатор маҳаллий ва хорижий нашрлар томонидан эътироф этилган бу масалани кўриб чиқиб фуқаролар учун тегишли тавсиялар ишлаб чиқиш бугун ҳар кунгидан долзарб бўлмоқда.

Санэпидстанция соҳаси бўйича йирик олим бу жараён инсоннинг табиий эҳтиёжи эканлигини фото ва видеоматериаллар билан шарҳлаб, узоғи билан икки кунда бир марта амалга ошириш мақсадга мувофиқлигини таъкидлади. Ўз вақтидан кечиктириш нохуш оқибатларга олиб келиши, хусусан, республика экологиясига жиддий зиён етказилишини тилга олди. Экология ҳаракати вакиллари олимнинг фикрига қўшилган ҳолда таълим ва бошқа даргоҳларда назорат-ўтиш пунктлари (НЎП) ташкил этилиб, кирувчиларнинг қорин соҳасини сканерлаб ўтказиш талабини илгари сурди.

Журналистлар уюшмасининг вилоят бўлими раиси мавзуни давом эттириб, мазкур жараённи тартибга солиш учун тегишли муассасалар олдига милиция ходимини бириктириш таклифини берди. Маънавият сардори эса муассаса тозалигини сақлаш мақсадида мижозлар ҳар бир хонага милиция ҳамроҳлигида киришини қонун билан белгилаб қўйишга чақирди. «Ижодкор эркак» жамғармаси раиси бу жараённи марказий телеканаллар орқали онлайн узатиш мақсадга мувофиқлигини қайд этди.

«Камолот»чи ёш ва истеъдодли шоир «Айланаман, шаҳар кезиб айланаман, панароқ бир жой тополмай қийналаман» деб бошланувчи янги шеърини фурсатдан фойдаланиб ўқиб бериш истагини билдирди, аммо расмий кенгаш бўлгани сабабли уни зўрға тўхтатиб қолишди.

Хўш, регламент ва белгиланган тартиб-қоидаларга амалиётда қандай риоя этиш мумкин? Қандай ўтириш орқали тез тугатиш мумкин? Буларнинг бари тез орада чоп этиладиган янги қарорда ўз аксини топади. Маълумот тариқасида айтиш мумкинки, бу жараённи, асосан, икки хил усулда амалга оширилади: чиннитувак ва «Генуя» ертувагида. Тиббий нуқтаи назардан бу амални бажаришнинг оптимал шартлари ишлаб чиқилади.

Ушбу тавсиялар катта ижтимоий аҳамиятга эга бўлиб, фуқароларимизни ичқотиш, чурра, бавосил касалликларидан асрайди. Тайёр маҳсулотга қараш ва ҳидлаш тақиқланади, тиббий таҳлил учун режалаштирилган вазият бундан мустасно. Унда турли микроорганизмлар ва аномалиялар сезилса, зудлик билан тез ёрдамга қўнғироқ қилиш шарт. Буларнинг барчаси янги қарорда ҳисобга олинади.

Сарвар уста

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.