Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаева Instagram’даги саҳифасида опаси — Гулнора Каримованинг тақдирига оид саволга жавоб берди.

Фото: «Xabardor.uz»

«Xabardor.uz»нинг хабар беришича, Лола Каримованинг пости остида қолдирилган комментларнинг бирида қуйидагича савол берилган: «Ғалати саволим учун кечирасиз. Опангизга ачинмайсизми?».

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда шарҳларга жавоб қайтаришни одат қилган Лола Каримова-Тиллаева опасининг тақдирига ҳамдард экани ҳақида ёзган: «Мен унинг тақдирига ҳамдардман. Унинг озод қилиниши масаласига ижобий таъсир кўрсата олмайман. Шубҳасиз, бу менинг хоҳишимга эмас, балки суд тизимига боғлиқ... Мен опам учун фақат дуо қила оламан».

Скриншот: Instagram

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил августида Бош прокуратура томонидан Гулнора Каримовага нисбатан яна учта ҳолат бўйича — давлат мулкини талон-торож қилиш, Ўзбекистон манфаатларига зид битимлар тузиш ҳамда ўзгаларнинг жуда кўп миқдордаги мулкини товламачилик йўли билан қўлга киритиш ҳолатлари юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган эди.