Шимолий Америкада охирги 50 йилда қушларнинг сони деярли 30 фоизга қисқарди. Бу ҳақда АҚШ ва Канада тадқиқотчилари гуруҳининг Science нашрида чоп этган ҳисоботида қайд этилган, деб хабар берди Meduza.

Ўтлоқ ғарбий трупиал қуши. Фото: Ebird

Олимлар тадқиқотлар давомида ўнлаб орнитологлар жамиятлари ва АҚШ ҳамда Канаданинг турли қисмларидаги метеорологик радиолокаторларда узоқ йиллар давомида тўпланган маълумотни умумлаштирган ҳолда таҳлил қилди.

Натижада жами 529 турга мансуб қушлар ҳақида ахборотлар тўпланди. Тадқиқот Шимолий Америкадаги ёввойи ҳудуддаги қушлар сони 1970 йилдагига нисбатан 2,9 миллиардга кам эканлигини кўрсатди.

Қушлар популяцияси қисқаришининг қарийб 90 фоиз қисми нисбатан кўп тарқалган 12 турдаги оилаларга тааллуқли. Улар ораси чумчуқлар, қалдирғочлар ва сайроқи қушлар бор.

Тадқиқотнинг етакчи муаллифи Кеннет Розенбергнинг айтишича, кўп тарқалган қушлар сонининг қисқариши камёб қанотли дўстларнинг йўқолиб кетишига нисбатан олганда узоқ келажакда жамият учун жиддий оқибатларга сабаб бўлиши мумкин. Бу кўп тарқалган қушларнинг катта экотизимлар нормал фаолиятида муҳим ўрин тутиши билан чамбарчас боғлиқ. Тадқиқотчилар қушлар сони кескин камайишининг аниқ сабабларини келтира олмаган.

«Аввалги тадқиқотлар бу атроф-муҳитнинг ифлосланиши, зараркунандалар ва қишлоқ хўжалиги тармоқларининг кенгайиши билан боғлиқ жараён», — деб изоҳлайди АҚШ ва Канада тадқиқотчилари гуруҳи етакчи муаллифи Кеннет Розенберг.