Тошкент вилояти ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати Чимёнда туристик автобуснинг йўлдан чиқиб кетиши ҳодисаси юзасидан ахборот берди.

Маълум бўлишича, воқеа 22 сентябрь, якшанба куни соат тахминан 15:30 да «Тошкент—Чимён» йўлининг 81-километрида йўл четида жойлашган автотураргоҳда юз берган.

Тошкентдаги Easy Go Trans компаниясига тегишли Golden Dragon автобуси (2016 йилда ишлаб чиқарилган, техник соз ҳолатда бўлган) автотураргоҳда ҳайдовчисиз ва йўловчиларсиз, узатмалар қутиси нейтрал ҳолатда турган вақтда ўз-ўзидан қўзғалиб кетган.

Оқибатда тахминан 30—40 метрлар юриб, қатнов йўлининг ўнг томонидаги пастликка тахминан 10 метрларча тушиб, тўхтаб қолган. «Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жароҳатланмаган, автобус техник шикастланган, уни қисқа муддатда чиқариб олиш чоралари кўрилган», — дейилади хабарда.

Қўшимча қилишларича, автобус 20 нафар ҳиндистонлик сайёҳни олиб кетаётган бўлган.