Бундан 66 миллион йил муқаддам Ерда умргузаронлик қилиб келган динозаврлар учун охирзамон куни бўлган эди. Ўшанда тахминан 81 километр ўлчамга эга улкан астероид ҳозирги Мексика кўрфази ҳудудига зарб билан келиб урилган ва тарихда мислсиз улкан глобал фожиани келтириб чиқарган. Оқибатда ўша пайтда Ерда мавжуд бўлган тирик мавжудотларнинг камида 75 фоиз қисми қирилиб битган.

Фото: FunScience

Ўша даҳшатли кунда воқеалар қандай ривожланганини Техас университети геофизик олимлари томонидан тартиблаб чиқилган. Бунинг учун улар ўша астероид келиб урилган жой – Мексика кўрфазидаги Чиксулуб кратерига шўнғиб, 500 метрдан 1 300 метргача бўлган тубликлардан турли жинслардан намуналар олиб чиқди. Булар орасида астероид зарб билан келиб урилиши туфайли қаттиқ қизиб эриб кетган тошлар, кўмирга айланган қолдиқлар ҳамда сезиларли миқдордаги олтингугурт аниқланган. Булар эса мазкур жойга ҳақиқатан ҳам қандайдир ўта йирик жисм катта зарба билан келиб урилганига далолатдир.

Астероид урилиши туфайли баландлиги бир неча юз метрга етадиган улкан цунами ҳосил бўлган. Дастлабки бир неча дақиқа ва соатлар мобайнида зарба кратери атрофидаги 130 метргача бўлган масофадаги тупроқ қатлами кўчиб, кратер ҳосил қилган чуқурликка ўпирила бошлаган.

Аввалига зарба туфайли қаттиқ қизиган ер бийдек чўлга айланган. Кейин эса атиги бир неча ой ичида бутун сайёра кескин совиб кетган. Ушбу ўта паст ҳарорат туфайли, ҳозирда фанда бўр даври палеоген оммавий қирилиши деб юритиладиган ҳодиса – тирик мавжудотларнинг оммавий йўқ бўлиб кетиши содир бўлган. Қанотли, яъни уча оладиган динозаврларнинг барчаси ўшанда қирилиб битган.

Геологлар кўрфаз тубидан олиб чиққан эриган тошларга қараб хулоса қилишига кўра, астероиднинг келиб урилиш зарби 10 миллиард дона атом бомбаси портлагандаги куч билан тенг бўлган. Атрофдаги минглаб километр масофадаги ўрмон ёниб кулга айланган. Цунами тўлқинлари эса 2 минг километр радиусдаги ерларгача бориб, катта тошқин ҳосил қилган. Цунами тўлқини орқага қайтишида эса йўлида учраган ҳамма нарсани, жумладан, минглаб метр-куб тупроқни оқизиб кетган. Бунга далил сифатида олимлар замонавий Иллинойс штати ҳудудида учрайдиган тупроқ замбруғларининг қолдиқлари Мексика кўрфази тубида ҳам аниқланганини кўрсатмоқда. Шунингдек, пистакўмирга айланган дарахт қолдиқлари ҳам кратер тубидан олиб чиқилган намуналар таркибидан топилган.

Рўй берган ушбу офатларнинг ўзи бутун Ғарбий яримшар экосистемасини издан чиқариш учун етарли эди. Бироқ бу ҳали ҳаммаси эмас экан. Сайёрадаги тирик мавжудотлар учун энг ёмони ҳали олдинда бўлган. Аслида ўшанда жонзотларнинг оммавий қирилишга энг асосий сабабчи бўлган нарсани олимлар кўрфаздан олиб чиқилган намуналардан топа олмади. Қизиғи шундаки, изланган нарсани айнан топа олишмагани бу борадаги энг катта далил бўлиб хизмат қилган. Гап таркибида олтингугурт тутадиган минераллар ҳақида бормоқда. Астероид зарб билан келиб урилгач, бундай минераллар кучли қизиган ва катта ҳарорат туфайли уларнинг ичидаги олтингугурт буғланиб кетган. Натижада жуда кўп миқдордаги олтингугурт сульфат-аэрозоллари атмосферага сочилиб чиқиб кетган. Биринчидан, бунинг ўзи ҳавони нафас олиш учун яроқсиз қилиб қўйган, энг ёмони эса, қуюқ олтингугурт моддаси бутун атмосферани қоплаб олиб, Ер юзини Қуёшдан тўсиб қўйган. Оқибатда етарлича ҳарорат ола олмаётган сайёра сатҳи кескин совиб кетган.

Экспертларнинг ҳисоблашича, ўшанда атмосферага 325 миллиард тонна олтингугурт тарқалган. Бу 1883 йилда отилган Кракатау вулқонидан атмосферага сочилган олтингугурт миқдоридан тўрт баробар катта рақамдир. Эслатиб ўтамиз, Кракатаунинг 1883 йилги отилишидан Ер сайёраси яқин беш йилгача жиддий совиб кетган эди (1890-йиллардагина ҳарорат одатий меъёрига қайта бошлаган).

Олимларнинг хулоса қилишича, ўша 66 миллион йил муқаддам содир бўлган космик масштабли офатдан кейин динозаврларнинг бутунлай йўқ бўлиб кетишига энг асосий сабабчи айнан атмосферага буғланиб кетган олтингугурт бўлган экан. Эҳтимол, тўқнашув сайёрамизда вулқонлар фаоллигини янада ошириб юборган ва бунинг натижасида олтингугуртнинг ҳавога тарқалиши янада кучайган бўлса керак.