Ижтимоий тармоқларда 23 сентябрь, душанба куни эрта тонгдан Хоразм вилоятида аҳоли норозилиги акс этган видеоёзувлар тарқалди.

Видеоларнинг бирида Урганч шаҳри ҳокими Шуҳрат Абдуллаев ҳам бор — у йўл ўртасига чиқиб олган одамлар орасида турганини кўриш мумкин (ижтимоий тармоқларда тарқалган бошқа видеоларда аҳоли олдига Гурлан тумани ҳокими ҳам чиққани акс этган).

Кейинги видеода эса йўл ўртасига чиқиб олган одамларнинг айримлари (улар орасида аёллар ҳам бор) куч билан автобусга олиб чиқилаётгани акс этган.

Хоразмда айнан нима бўлаётгани, одамлар нимадан норози экани ҳақида ҳозирча аниқ маълумотлар йўқ; ваколатли органлар ҳали бирор изоҳ бермади.

Аввалроқ, 26 июль куни Хоразм вилоятида «снос»га тушган уйлари учун ойлаб компенсация пулини ололмаган аҳоли «Урганч—Хонқа» йўлини тўсиб қўйган эди.

Шундан сўнг Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов зудлик билан Хоразмга етиб борган, 27 июль куни бош вазир раислигида ўтказилган йиғилишда Урганч шаҳар ҳокими Шуҳрат Абдуллаевга ҳайфсан берилган эди.

Президент раислигида 2 август куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида эса Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов қаттиқ танқид қилинган, шундан сўнг у ҳоким аҳолидан узр сўраган эди.