«Дарё» колумнисти анъанавий рукнда ўтган ҳафтада муҳокама қилинган асосий ижтимоий масалаларга тўхталиб ўтади.

ДХХ эстетикаси ва прокуратура гигиенаси

Бош вазифаси Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини, суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини ҳамда бошқа давлат манфаатларини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилишдан иборат бўлган ДХХ ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкини, конституциявий тузумни ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш бўлган Ички ишлар бош бошқармасининг ваколатлари қаторига этика, эстетика, гигиена, маданият ва туризмни ривожлантириш ишлари ҳам қўшилди. Ўтган ҳафтада маълум бўлган бу янгиликни сиз билан баҳам кўргимиз келди. Қарор-парор, буйруқ-муйруқ чиқиб улгармасдан улар ишга киришгани диққатга сазовордир.

Фото: «Euromag.ru»

Аслида-ку, кўчани шифокор тозалайдиган, динни қўшиқчилар ўргатадиган, буғдойни мелиса пойлайдиган, пахтани ҳарбийлар терадиган юртимиз учун бунинг ғайритабиий жойи йўқ.

«Малика» бозорида мелиса-сартарошлар томонидан соқоли олинган Жамолиддин Муҳаммаджон воқеаси эсингиздами? У Инсон ҳуқуқлари бўйича Республика миллий марказига мурожаат йўллаганди. Шу хатга прокуратурадан жавоб кепти. 4–5 та имло хатосига қарамай, ўқиб чиқсангиз, хат анча тушунарли ёзилган. Маълум бўлдики, «Мазкур тадбир фуқароларнинг ташқи кўриниши уларнинг биометрик паспорти бўлган суръатлари (суратлари дейишмоқчи – таъкид «Дарё»ники) ўртасидаги тафовутни олдини олиш ҳамда иш жойларида этика, эстетика ва гигиена қоидаларига зид келганлиги учун ушбу савдо мажмуасига келган мижозлар ва шаҳримиз меҳмонларига юртимизнинг маданиятини чиройли тарзда ифода этиш мақсадида ўтказилганлиги маълум бўлган».

«Шаҳримиз меҳмонларига юртимиз маданиятини чиройли ифода этиш» нима дегани бўлди? Маданиятнинг умумий қабул қилинган меъёрлари қандай ва унда соқол олинсин/олинмасин дейилган жойи борми? Эҳтимол, келаётган меҳмонлар соқолсиз бўлса, уларга ўхшаб кутиб олинг, дейилгандир. Ҳа, тўппа-тўғри, пулни улар келтиряпти-ку, ўзимизга ўхшасанг, сармоя берамиз, дейди-да.

Фото: Facebook

Аммо уларга ўхшашни истасак, Жамолиддин Муҳаммаджон воқеасидан-да қизиқ вазиятлар туғилади. Таиландликлар келса, барча эркаклар сочи қирилсин. Араблар келяптими? Дарров ғутрарўмол ва узункўйлакни ҳозирланг. «Толибон» ташриф буюрса, чолвор-камзулни устингизга илинг. Ҳинд сикҳлари меҳмон бўлади: ёз чилласида салла ўранг. Шотландиялик сармоячилар бизнес қилмоқчими? Барча эркаклар ёппасига катакли юбка кийинг. Ҳа, биз ҳамма масхарабозликни уддалайиз.

Кўпайтирайликми, камайтирайликми?

Сўнгги вақтда собиқ совет меросига қайтишда анча-мунча қадам босиб қўйдик. «Қизил давр»га хизмати сингган улуғларимиз номини тикладик, техникумлар таъсис этилди, канални қайта номладик. Ўтган ҳафтадаги хабарга кўра, «Ўзбекистонда ‘Қаҳрамон она’ ордени қайта таъсис этилиши мумки» экан. Буниси қизиқ бўлди-ку. «Қаҳрамон она» ордени таъсис этилишидан мақсад аҳоли сонини кўпайтиришни рағбатлантиришдир. Урушдан кейин одам сонини кўпайтириш учун «кўп туғишни қувватлаш» сиёсати юритилган. 80–90-йилларга келиб мундай қаралса, аҳолимиз сони керагидан ортиб кетибди, шундан кейин «кам туғиш»га тарғиб этила бошлади («Темир хотин»даги Қўчқорвойнинг Олимжонга айтганини эсланг). Кўп ўтмай мустақил бўлдик, электр ўча бошлади, аҳоли сони эса 90 йилга нисбатан 65 фоизга ўсди (1990-да 20 миллион, ҳозир – 33 миллион). Бундай демографик портлаш собиқ совет республикаларидан фақат Ўзбекистондадир.

Фото: «Kun.uz»

Марҳум президент 2012 йилда аҳоли сони ошишини назоратга олиш ҳақида гапирган, ҳатто аҳолини стерилизациялаш (туғмайдиган қилиш) бўйича махфий топшириқ борлиги ҳам интернетга сизиб чиққанди. Яшириб нима қилдик, ўша йиллари контрацептивалар, бевақт ҳомиладорликда сақланиш тарғиботидан тортиб, одамларга бепул презервативгача улашилган. Мақсад туғилишни озайтириш эди.

Биз кам туғдиришга шайланиб турсак, давлатимиз энди кўп туғсанг орден бераман, деб турибди. Аввал озайтириш керакми ё кўпайтириш – аниқлаб олайлик. Бу ҳам ижроси йўқ палапартиш ҳужжатларнинг бирими ё?

Менимча, совет меросига қайтишда озгина ошириб юборилди.

Сарвар уста

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.