Янги олиб борилган тадқиқотда олимлар Венера сайёраси узоқ ўтмишда қандай бўлгани борасида ўз тахминлари билан ўртоқлашди. Таъкидланишича, 700 миллион муқаддам юз берган бир фожиа сайёра қиёфасини бутунлай ўзгартириб юборган.

Венера 3D модели.
Фото: ФунScience

«Бизнинг гипотезага кўра, Венера иқлими миллиард йиллар мобайнида барқарор бўлган», – дейди NASA’нинг Годдард космик тадқиқотлар институти сайёрашуноси Майкл Вей.

Муқаддам ўтказилган тадқиқотларда бошқа олимлар Венерага ўхшаш сайёралар топографиясини моделлаштирган эди.

Бу 3D моделларга мувофиқ, Венера умрининг асосий қисмида унинг юзасида суюқ сув ва фаол тектоник плиталар бўлган, демак, унинг иқлими Ерники каби барқарор ва мўътадил бўлган. Бу давр, компьютер моделларига ишонадиган бўлсак, 3 миллиард йил давом этган.

Турли сценарийлар асосида қилинган хулосага мувофиқ, қадимги Венера Цельсий бўйича 20–40 даражада юзасида суюқ сув сақлаб турган бўлиши мумкин.

Тахминан 700 миллион йил муқаддам рўй берган ҳозирча тушунарсиз офат туфайли Венера бугунги шаклга келган. Атмосфера таркиби ушбу сайёрада ҳаво ҳарорати ва босим ниҳоятда юқори бўлиб туришига асосий сабабдир.

Тахминларга кўра, қандайдир сабабга кўра атмосферага жуда катта миқдорда газ чиқиб кетган. Ер сайёрасида ҳам тахминан 500 миллион йил аввал шунга ўхшаш воқеа рўй берган – ўшанда Сибирда жуда катта миқдорда заҳарли унсурлар чиқиб кетгани боис оммавий қирилиш юз берганди.

Шу асосида олимлар нафақат Венера, балки унга ўхшаш экзосайёраларда ҳам тириклик мавжуд бўлиши учун шароит бўлган деган хулосага келди.