Sinogene Biotechnology 2018 йил августида мушукларни клонлаштиришни бошлаганди. Британиянинг калта юнгли Гарлик лақабли мушук эмбриони суррогат она мушукка ўтказилганидан 66 кун ўтиб туғилган. Клон мушук оммага орадан бир ой ўтгач намойиш қилинди, деб хабар бермоқда «Spot».

Фото: «Funeportal.ru»

Гарлик ва оригинал мушук бир хил кўринишга эга, бироқ уларнинг темпераменти ҳамда характерлари турлича, дейди Sinogene Biotechnology’нинг илмий ходими ва Хитой фанлар академияси аъзоси Лай Лянсуэ. Олимнинг қайд этишича, клонлаштирилган мушукнинг яшаш даври бошқа мушукларникидан фарқ қилмайди.

Sinogene Biotechnology ижрочи директори Ми Жидонг компанияда сунъий интеллект технологияси ёрдамида клонларга оригинал жониворлар хотираларини трансплантация қилиш режалаштирилаётганини маълум қилди.

Ҳозирча Синогенеъда бу борада иш бошланмаган, лекин компания мутахассислари Илон Маскнинг Neuralink стартапига ўхшаш ушбу лойиҳа тез орада бунга йўл очишига ишонмоқда.

Олимларнинг кейинги мақсади — отлар ва йўқолиб кетиш арафасидан турган ҳайвонлар – панда ва Хитой йўлбарсларини клонлаштириш бўлади.

Хитойликлар жониворлардан тиббиёт мақсадларида фойдаланиш, уй ҳайвонларини клонлаштиришни ёки уларда косметика маҳсулотларини синовдан ўтказишни вахшийлик деб ҳисобламаяпти. Уларнинг фикрича бу ишлар ҳайвонларга салбий таъсир кўрсатмайди.

«Клонлаштириш уй ҳайвони эгасининг маънавий эҳтиёжларини қондириши ва уни бахтли қилиши мумкин. Бунга бозор шароитида талаб ҳам кучли. Бунда мен муаммо кўрмаяпман», — дейди Пекин қишлоқ хўжалиги университети профессори Ван Чудуан.