АҚШ вакиллик палатаси спикери Нэнси Пелоси президент Дональд Трампга импичмент эълон қилишга асос бор ёки йўқлигини аниқлаш борасида расмий жараён бошланганини маълум қилди, деб хабар беради Meduza.

Фото: Reuters

«Мен шуни маълум қиламанки, Вакиллик палатаси импичмент масаласи бўйича расмий терговни бошлади. Мен олтита қўмитага ўзларининг терговларини ўтказиш бўйича кўрсатма бераман», — дейди Пелоси.

Трампнинг ўзи эса ушбу вазиятни «жодугарлар ови» деб атаб, ўзини четлаштиришга бўлган уринишлар фақат фойдаси учун хизмат қилишига ишонч билдирди.

Дональд Трампнинг Демократлар партиясидаги рақобатчилари уни бошқаларга қарши курашда мавқеидан фойдаланганликда гумон қилмоқда: Трамп Украина президенти Владимир Зеленский билан уюштирган телефон суҳбати чоғида ундан собиқ вице-президент Жо Байденнинг ўғлига нисбатан тергов бошлашини сўрагани таъкидланмоқда.

Импичмент эълон қилишини учун президентнинг четлатилишига дастлаб Вакиллик палатасининг ярми, ундан кейин Сенатнинг учдан икки қисми овоз бериши керак. Ҳозирда Сенатнинг аксарият қисми республикачиларга тегишли, шу сабаб Трампга импичмент эълон қилиниш эҳтимоллиги жуда кам.

АҚШ тарихида уч маротаба импичмент бўйича ҳаракатлар олиб борилган — Эндрю Жонсон, Ричард Никсон ва Билл Клинтонга қарши. Жонсон ва Клинтон Сенат томонидан оқланган, Никсон эса ўз хоҳишига кўра истеъфога чиққан.