АҚШ президенти маъмурияти Дональд Трампнинг 25 июль куни Украина президенти Владимир Зеленский билан бўлиб ўтган суҳбати матнини (.пдф) эълон қилди, дея хабар бермоқда Meduza.

Суҳбат матнидан маълум бўлишича, Трамп Зеленскийдан Жо Байденнинг ўғлига тегишли компания ишини тергов қилишни сўраган (АҚШнинг собиқ вице-президенти Жо Байден айни вақтда Демократик партиядан АҚШ президентлиги учун энг асосий номзод бўлиб турибди).

«Жо Байденнинг ўғли ҳақида кўп гапиришяпти, эмишки, Байден терговни тўхтатган ва кўпчилик бу ҳақда билишни хоҳлаяпти, шундай экан, бу борада бош прокурор билан бирга чора кўролсангиз, ажойиб бўларди. Байден та’қибни тўхтата олгани билан мақтанган эди, шундай экан, сиз тергов қила олсангиз... Менимча, жуда жирканч эшитиляпти», — деб айтган Трамп суҳбат вақтида. Зеленский Украина расмийлари бу ишни тергов қилишини айтган.

Эълон қилинган стенограммада қайд этилишича, бу ерда Трамп ва Зеленскийнинг суҳбати сўзма-сўз қоғозга туширилмаган.

Аввалроқ The Washington Post газетаси Трамп суҳбат вақтида Украинадаги Байденнинг ўғлига тегишли компания фаолиятини тергов қилишда кўмак кўрсатиши учун Зеленскийга гўёки босим ўтказгани ҳақида ёзган эди. Трампнинг мухолифлари уни Байденнинг ўғлига қарши суриштирувни Украинага бериладиган 250 миллион долларлик ёрдам билан боғлаганликда айблаб чиққанди.

АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси спикери Ненси Пелоси 25 сентябрь куни Дональд Трампни импичмент қилиш учун асос бор-йўқлигини белгилаб берувчи расмий жараён бошланганини эълон қилган эди.