Россиянинг қуллик кўринишларига қарши курашувчи «Альтернатива» нодавлат волонтёрлик ташкилоти почтасига қариндоши ва ўзбекистонлик яна бир неча киши Ставропол ўлкасидаги аниқланмаган манзилда мажбуран тутиб турилганлиги ҳақида мактуб келди. Бу ҳақда Repost ҳикоя қилмоқда.

Фото: «Альтернатива»

Кейинчалик қўнғироқ қилган тутқунлардан бирининг қариндошига кўра, ўзбекистонлик 7 нафар эркак апрель ойидан бери бандиликда ушлаб турилган, уларнинг ҳужжатлари олиб қўйилиб, далада мажбуран ишлатилган. Уларни кўплаб фермер хўжаликлари ва жуда катта ҳудуддаги далалардан қидириш муаммо эди.

Ташкилот фаоллари таваккалга қўл урди: мурожаат қилган қариндош орқали тутқунга лагердан қочиш ва белгиланган манзилда яшириниш лозимлиги етказилди. Бу ердан уни доғистонлик координатор полициячилар билан бирга олиб кетиши керак эди.

Фото: «Альтернатива»

Кейинчалик маълум бўлишича, тутқунлар ўлканинг Нефтьэкум тумани, Ачикулак қишлоғида сақланган. Улар хароб жойда яшаган, номига боқилган. Иш берувчи алдов йўли билан паспортларини олиб қўйган ва арзимаган айб учун жазолаган. Эркаклар қовун полизида кун-у тун меҳнат қилган.

Фото: «Альтернатива»

Қуллик ҳолатини кўрсатувчи яққол аломатларга қарамай, томонлар ярашув йўлини танлади. Иш берувчи — Станислав исмли шахс жабрдийдалар билан келишиб олди ва уларнинг ҳар бирига 30 минг рублдан (476 доллар) тўлади. Эркакларнинг барчаси эсон-омон Ўзбекистонга қайтди.