Straus House МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти «Kun.uz»га маълум қилди.

Фото: Straus House

Дастлабки тергов жараёнларида аниқланишича, Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, Янги шаҳар кўчаси, 16-уйда жойлашган Straus House МЧЖ мансабдор шахслари Тошкент шаҳар, Андижон, Фарғона, Наманган, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида яшовчи жисмоний ва юридик шахслар билан 2019 йилнинг январь—апрель ойлари давомида 90 кун муддат ичида Жанубий Африка Республикасидан «Острич» зотли туяқуш (страус) жўжасини етказиб бериш юзасидан шартномалар расмийлаштириш орқали уларнинг ишончига кириб, республиканинг турли вилоятларида яшовчи 300дан ортиқ фуқароларнинг жуда кўп миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан талон-торож қилишда гумон қилинмоқда.

Straus House МЧЖ таъсисчиси, Исроилов Иброхим Ровшан ўғли Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми  «а» банди (Жуда кўп миқдорда фирибгарлик) билан гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, унга нисбатан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланган.

Ушбу моддада энг кам ойлик иш ҳақининг 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 8  йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. Етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.

Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.