Сарвар устадан охирги кунларнинг энг долзарб муаммолари ҳақида бир шингил.

«Фарғонагейт» можароси

Ўзбекистонлик интернет фойдаланувчилари республикадаги барча вилоят ҳокимларини танимаслиги, исмини билса ҳам қаерга ҳокимлигини билмаслиги мумкин. Аммо бир ҳоким борки, нафақат интернетнинг ўзбек сегменти, балки барча афкор омма оғзида машҳурдир. Бу кеча янги «запис» чиқарган Фарғона ҳокими Шуҳрат Ғаниевлигини аллақачон билдингиз.

Шуҳрат Ғаниев Ўзбекистоннинг энг обрўли нюсмейкерларидан. Ҳа, хорижда нюсмейкер деб шов-шувли гаплари билан жамоатчилик диққатини ўзига магнитдай тортувчи мансабдорларни айтишади. «Мишка»нинг ғилдирагини ғилдиратганингиз сари сайтларда унга оид хабарларнинг сон-саноғи кўринмайди. Амали билан эмас (унинг ишбилармонлигини таърифловчи фарғоналиклар оз эмас, ишонаверинг), қўпол нутқи ва аллақачон брендга айланган «ҳоррами» деб сўкиши билан тез-тез «машҳур бўлувчи» Ғаниевнинг бу сафарги чиқиши омманинг сабр косасини тўлдирди. Амалдорларга нисбатан бир маромдаги танқид-у норозиликлар ўз ҳаддидан ғизиллаганча ўтиб кетди. Ўнлаб блогернинг каналларини Фарғона ҳокимининг сурати безади.

Скрин: «Дарё»

Ғаниев нега чет эллик сармоядорларгача соқолини олишни буюради? Автостоянкадаги хизматчи шиаларнинг дўпписини кийгани, соқол қўйгани билан нима иши бор? Унга мажлисдаёқ фирмаларга 300 миллиондан жарима солиш, давлат хизматчилари ва имомларни (имом ҳам давлат хизматчиси аслида) терговсиз-судсиз қаматиб юбориш ваколатини ким берди? У президентнинг мамлакатда қонунларга риоя этилиши гарови эканлигини билган гапирмоқдами ёки эшиги зич ёпиқ хонада берилган оғзаки топшириқларни бажаряптими?

Кейинги саволлар: Ғаниевга иккинчи марта огоҳлантириш берилди (биринчиси Риштонда). Бу жазоми ёки «уришиб қўйдим, амакиси, энди қилмайди, аттата» деб яна халқни алдашмоқдами? Уни қонунбузарлиги учун огоҳлантиришяптими ёки эҳтиётсизлик қилиб гаплари ошкор қилинганлиги учунми? Водийликларнинг миллий ва диний ҳиссиётлари билан ўйнашишнинг баҳоси жуда ҳам паст бўлди.

Келинг, энди аёлларнинг кийими-ю эркакларнинг соқоли мавзусидаги ўзгаришларни тахмин қиламиз (бу мавзу жонга тегди, аммо четлаб ўтиб ҳам бўлмайди). Агар Шуҳрат оканинг узр-маъзури билан Фарғонада (ва умуман бошқа вилоятларда ҳам) рўмоллиг-у соқолликлар тинч қўйилса, бу жамоатчиликнинг ғалабаси бўлади. Ҳа, зиғирдек умид учқуни йўқ эмас, хусусан, кеча чемпион йигитнинг онаси билан президентнинг суҳбатида бу учқун йилтиради. Борди-ю, уч ой муддат қорлар ёғиб, излар босилиши учун олинган бўлса, қишга оз қолди, дея, совуққа қарамасдан четга отланишни маслаҳат берамиз.

Отангни ўлдирганга онангни бер, бобонгни ўлдирганга пулингни

Азбаройи меҳмондўстлигимиздан XIX асрда Тошкентни босиб олишда ҳалок бўлган Чор Россияси аскарларига ёдгорлик ўрнатишга бел боғладик.

Хабарда айтилишича, «24 нафар аскарнинг исм-фамилияси ёзилган бўлак ҳам мисдан бўлади, ҳозир архив ҳужжатлари орқали марҳумларнинг номларини тиклаш ишлари олиб бориляпти. Ташқи кўриниши мис тунука билан қопланади, энг юқори қисмида жойлашган хоч эса латундан ясалади... Рус провослав черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархия митрополити бу ерга ташриф буюрган ва олиб борилаётган ишлардан мамнунлигини таъкидлаган».

Фото: «Toshkent.uz»

Бизга бу ёдгорлик зарурлиги аскарларнинг хотираси, мамлакатлараро бирдамлик каби чиройлик гаплар билан тушунтириляпти. Туристлардан беш-ўн сўм тушиши мумкин. Пулга муҳтожмиз, ҳарқалай, ойлиг-у сармоянинг каттаси ўша ёқдан келяпти. Ҳурматларини қилсак, қилибмиз-да. Бир кичик иншоот билан камбағал бўлиб қолмаймиз, дерсиз.

Тарихга шунчалар бефарқмизки, Тошкент мудофаасида жон берганларнинг сонини билмаймиз, ҳатто. Лашкарбоши Мулла Алимқулни биламизми? У ҳақда на ёдгорлик, на китоб, на бир кино ишланмагач, қаёқдан ҳам биламиз. Шаҳар марказидаги бозорда тўпланиб, Тошкентни ҳимоялаш учун Қуръон билан онт ичган 15 минг мудофаачини билмаймиз. Улар ўз юртини ҳимоя қилиб жон берганлар эди, ўзга юртга милтиқ кўтариб борганлар эмас. Ҳолимиз жуда қизиқ ва ачинарли.

Айтганча, Тошкентни эгаллашда қаҳрамонларча ҳалок бўлган аскарлар ёдгорлиги бюджетдан (биз тўлаган солиқлардан) тикланяптими ёки четдан ҳомийлар ҳисобиданми? Четдан маблағ ажратишган, деб ўзимизни ишонтирайлик, аммо ҳимоячи боболаримизга бирор ёдгорлик ўрната оламизми? Кино ишлай оламизми? Бюджетдан бунинг учун маблағ ажратишга журъатимиз етадими, нима дейсиз.

Сарвар уста

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.