1—5 октябрь кунлари Россиянинг Москва ва Қозон шаҳарларида ўзбек киноси кунлари бўлиб ўтади. Бу ҳақда «Ўзбеккино» миллий агентлиги матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.

Фото: MyDay

Тадбирлар «Ўзбеккино» миллий агентлиги, Россия Маданият вазирлиги ва Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги элчихонаси томонидан ўтказилмоқда.

Кино кунларини ўтказишдан асосий мақсад Россияда ўзбек кинематографиясини оммалаштириш, мамлакатлар, тарихан яқин халқлар ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ва мамлакатлар ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашдан иборат.

1 октябрь, сешанба куни Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонасида Россияда Ўзбек киноси кунларининг очилиш маросими бўлиб ўтади, унга Россия маданият вазирлиги раҳбарлари, таниқли кино ижодкорлари таклиф этилди.

«Кино кунлари доирасида биз ‘Ўзбеккино’ ва Россиянинг йирик кинокомпаниялари ўртасида қўшма кино лойиҳаларини ташкил этиш бўйича қатор меморандумлар имзолашни режалаштирмоқдамиз, турли йилларда яратилган ва айни пайтда Россиянинг ‘Госфильмофонд’ида сақланаётган ўзбек фильмларини қайтариш бўйича музокаралар олиб борамиз», — дейди Ўзбекистон делегациясига раҳбарлик қилаётган «Ўзбеккино» миллий агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов.

«Мамлакатимиз учун бўлғуси кинокадрларни шакллантиришнинг муҳимлигини яхши англар эканмиз, Ўзбекистон делегацияси таркибига бир гуруҳ иқтидорли ёшлар ҳам киритилди, улар учун Россия давлат кинематография институти, ‘Мосфильм’га ташрифлардан ташқари Россия кино санъатининг кўзга кўринган усталари иштирокида маҳорат сабоқлари ва тренинглар ўтказамиз», — деди «Ўзбеккино» раҳбари.

Россияда ўзбек киноси кунлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия президенти Владимир Путиннинг 2018 йил октябрь ойида бўлиб ўтган учрашуви якунлари бўйича иқтисодиётнинг кўплаб соҳаларида дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда 2019—2024 йилларда иқтисодий ҳамкорлик дастурининг қабул қилинган чора-тадбирлари доирасида ўтказилмоқда.

«Шундай экан, Россияда ўзбек фильмлари ҳафталиги Россияда яшовчи рус томошабинлари ва ўзбек диаспораси вакилларига катта экранда янги ўзбек киносини томоша қилиш, картиналар ижодкорлари билан суҳбатлашиш, ўзбек киноси тенденциялари билан танишиш имконини беради. Дастур сўнгги йиллардаги энг яхши профессионал бадиий ва ҳужжатли фильмларни ўз ичига олади», — дейилади хабарда.

Ўзбек киноси кунларида намойиш этиладиган картиналардан режиссор Умид Ҳамдамовнинг «Иссиқ нон» фильми Анапа шаҳрида бўлиб ўтган «Киношок» фестивалининг бош совринини қўлга киритган.

21 сентябрь куни Ўзбекистон миллий кино қўмитаси мазкур фильмни «Оскар» мукофотига номзод сифатида расман эълон қилди.