Яқинда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан ОАВ вакиллари ва туристик агентликлар учун  Навоий ва Бухоро вилоятларига инфотур ташкил этилди. Унда «Дарё» мухбири Хонзодабегим Аъзамова қатнашди. У Навоийнинг Синтоб қишлоғида бўлиб, ўзига хос маскан ҳақида репортаж тайёрлади.

Илк манзилимиз Навоий вилояти бўлди. Дастлаб Нуротанинг Синтоб қишлоғига бордик. Қишлоққа соат 21:00 дан кейин борганимизгами, ёки атроф зим-зиёлигигами, билмайман, хаёлимда «қишлоқнинг нимаси қадимий? Нега ўзи бу ерга келдик?», деган саволлар туғилди. Лекин эртасига қишлоқни яна томоша қилиш мақсадида бордик.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати

Қишлоққа кириб борар экансиз, бир томонда чанг-тўзон, бир томонда эса худди баҳордек ям-яшилликка гувоҳ бўласиз. Гўё икки фасл бир қишлоқда уйғунлашгандек.

Йўлбошчи Синтобнинг қадимий обидаларини кўриш учун икки километр юқорига чиқиш керак деганди. Аммо қишлоқнинг майдони жуда катта экан. Айланамиз деб нақд 14 километр пиёда юрибмиз.

Йўл-йўлакай «Синтоб» МФЙ раиси Мурод Мирзаевдан қишлоқ ҳақида қизиқарли маълумотлар билиб олдим.

Фото: «Дарё»

Қишлоқ Нуротадан тахминан 120 километр узоқликда жойлашган. Маҳалла раисининг айтишича, «синтоб» сўзи санскрит тилидан олинган бўлиб, «катта сой» деган маънони англатади.

Тоғли ҳудуд бўлгани учун сел кўп келади. Шунга мослаб, синтобликлар уйини тошлардан қурган. Аҳолиси 2 200 дан зиёд. Асосий даромади чорвачилик. Одатда транспорт ва дастёр сифатида эшаклардан фойдаланишади.

Фото: «Дарё»

Мурод аканинг айтишича, қишлоқда ўнта авлиёнинг зиёратгоҳи бор экан.

Синтобга илк сайёҳ 2006 йилда Нидерландиядан келган. Кейинчалик европалик туристлар оқими кучайган. Бошқа обидалар қатори сайёҳларни Чашмаи акко муқаддас булоғи (Синтоб кўли)  кўпроқ қизиқтираркан. Айни пайтда қишлоқда ўндан ортиқ меҳмонхоналар бор. Меҳмонхоналарнинг ҳам ҳаммаси тош ва ёғочдан қурилган.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Нуротадан қишлоққача қатновчи енгил машиналар нархи 15-20 минг сўм. Қоидага мувофиқ, белгиланган тезликда борилса, бир ярим соатда манзилга етиб бориш мумкин.

Фото: «Дарё»

Қишлоқ аҳолиси содда ва самимий. Тожик тилида гаплашади. Лекин инглиз, немис ва француз тилларини ҳам оз-моз билишар экан.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмат

Йўлда чанқаб бир ҳовлини тақиллатиб сув сўрадим. Қизалоқлар олиб чиқиб берди. Сув баҳона бўлиб, онасини (аёлни) суҳбатга тортдим. Интернет йўқ, газ, свет муаммо. Одамлар кам. «Қишда бу ерда яшаш қийин эмасми», деб сўраганимда аёл:  «Аслида биз бу ерда яшамаймиз. Қишлоқ бизга сизларнинг тилингизда айтганда худди дачадек. Фақат иссиқ кунлари келамиз. Экин-текин қиламиз. Ҳосилни йиғиштириб, яна ўзимизнинг уйимизга қайтиб кетамиз. Лекин нолимайман, ҳаётимдан жуда манунман» деб жавоб берди.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмат

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати

Энг қизиғи, аксарият навоийликлар бу қишлоқ ҳақида билмас экан.

Фото: «Дарё»

Масъулларнинг айтишича, қишлоқ 2020 йилда туризм қишлоғига айланиши кутилмоқда.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати

Хуллас, инфотурга бориб Нуротанинг бир четида, шаҳар шовқин суронларидан холи янги бир дунёни кашф қилдим.