2—4 октябрь кунлари Tashkent Book Fest – 2019 Тошкент халқаро китоб кўргазма—ярмаркаси бўлиб ўтади. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги хабар берди.

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Ўзбекистонда илк маротаба ўтказилаётган ушбу йирик маданий тадбирда етти мамлакат — Буюк Британия, Германия, Қозоғистон, Корея, Қирғизистон, Россия, Туркия давлатларидан 16 та нашриёт ва китоб савдоси ташкилотлари вакиллари иштирок этади.

Шунингдек, Ўзбекистондаги элчихона ва хорижий компаниялар, хусусан, Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази, Хитой элчихонаси, Жанубий Корея элчихонаси, Тошкент шаҳридаги Гёте институти вакиллари ҳам кўргазма—ярмарка иштирокчилари бўлишади.

Бундан ташқари, Ўзбекистондаги 30 дан ортиқ давлат ва хусусий нашриёт ҳамда китоб савдоси ташкилотлари ҳам маҳсулотларини намойиш этади.

Кўргазма доирасида қизиқарли китоблар тақдимотлари, мушоиралар, интеллектуал ўйинлар, адиблар билан ижодий учрашувлар, адабий викториналар, давра суҳбатлари ҳамда маҳорат дарслари ташкил этиш режалаштирилган.

Халқаро китоб кўргазма—ярмаркаси «Ўзекспомарказ» (Атриум)да бўлиб ўтмоқда. Кириш — бепул.

Халқаро кўргазма-ярмарканинг биринчи кунида ўтказиладиган тадбирлар рўйхати билан қуйида ҳавола орқали танишиш мумкин.