Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига киришидаги зарурий шартлар ва эҳтимолий хавф-хатарлар таҳлили 2019 йил охиригача якунланиши лозим. Spot’нинг «ТАСС»га асосланиб хабар беришича, бу ҳақда Россия Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко Шавкат Мирзиёев билан учрашувдан сўнг маълум қилган.

Фото: «РИА Новости»

«Президентларимиз ишчи гуруҳ тузишга келишиб олди. Россия томонидан бу ишчи гуруҳга бош вазирнинг биринчи ўринбосари Антон Силуанов бошчилик қилади. Ушбу ишчи гуруҳ Ўзбекистоннинг ЕОИИга киришида мавжуд шароитлар, хатарлар, юзага келиши мумкин бўлган салбий оқибатларни олдини олиш борасидаги таҳлилларни жуда пухта, яхши суръатларда олиб боради. Бундай таҳлил йил охиригача якунланиши керак», — деган Матвиенко.

Унинг қўшимча қилишича, бундан таҳлилни ЕОИИга аъзо бўлган барча мамлакатлар амалга оширади. Чунки улар янги иштирокчиларга нисбатан биргаликда қарор чиқаради.

«Ўзбекистон Президенти иқтисодий интеграциялар уюшмасида иштирок этиш бугунги кун воқеаси эканлигини тушунади. У ҳақ, якуний қарор қабул қилишдан олдин кириш шартлари иқтисодиётга зарар етказиш-етказмаслиги, иш ўринлари сонига таъсир кўрсатиш-кўрсатмаслигини ва ҳоказоларни пухта таҳлил қилиш талаб этилади», — деб таъкидлаган Матвиенко.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо бўлишида дуч келиши мумкин бўлган муаммолар ҳақидаги изоҳларга июнь ойида муносабат билдирганди.

Унда Президент Иттифоққа киргандан сўнг Ўзбекистон ўз чегараларини очишига тўғри келади, аммо Ўзбекистон корхоналари ЕОИИ талабларига мослашишга улгурмай ёпилиб кетиши мумкинлигини айтган.

Қўшниларимиз биздан анча олдинда. Улар яқинда маҳсулотларни маркировкалашга ўтади. Биз бу бозорда маркировкаланмаган маҳсулотларимиз билан ютқазамиз. Биз тўғри йўлни топишимиз керак. Барчасини таҳлил қилиб, 10 марта ўлчаб, кейин қарор қабул қилиш керак.

Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Республикаси Президенти