Саудия Арабистонида аёлларнинг мудофаа кучларида ҳарбий хизматни ўташига рухсат берилди, деб ёзмоқда «Коммерсантъ». Энди мамлакатда аёллар ҳарбий ҳаво кучлари, ҳарбий денгиз кучлари, ҳарбий ҳаво кучларидан ҳимоя стратегик ракеталар ҳамда тиббиёт хизматида оддий аскар ёки офицер сифатида хизмат қилиши мумкин.

Саудия Арабистони фуқаро мудофааси раҳбари Ҳасан аш-Ҳашри ушбу қарорни тўғри йўналишдаги ҳаракат деб атади.

Август бошида Саудия Арабистонида аёлларга маҳрамсиз саёҳат қилишига рухсат берилганди. Шунингдек, аёллар маҳрамсиз болаларни ҳам саёҳатга олиб чиқишига ҳамда давлат идораларида ҳужжатлар расмийлаштириш ҳуқуқига ҳам эга бўлган. Февралда эса уларнинг Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги обрўли ОТМга ҳужжат топширишига рухсат этилган.