Британиялик кўча мусаввири Бэнксининг маҳаллий парламент мазах қилинган картинаси Лондондаги Sotheby’s аукционида 9,9 миллион фунт стерлингга (12,2 миллион доллар) сотилди. Бу ҳақда Meduza хабар бермоқда.

Фото: Sotheby’s

«Аянчли парламент» деб номланган картинада Вакиллар палатасида мажлис қураётган шимпанзе маймунлари акс этган. 4,2 га 2,5 метрли картина 2009 йилда чизилган бўлиб, Бэнксининг энг катта асари ҳисобланади.

Аукциондаги савдолар 3 октябрь, пайшанба куни бўлиб ўтди ва 13 дақиқага чўзилди. Якуний баҳо дастлабки нархдан 5 баробар ортиқ бўлди ва Бэнкси ишлари қиймати борасида янги рекордга айланди.

Олдинги рекорд 2008 йили Sotheby’s аукционининг Нью-Йоркдаги савдолари чоғида ўрнатилган бўлиб, ўшанда «Доғ туширмаганлик» картинаси 1,9 миллион долларга сотилган.