Россия ҳукумати мамлакат аҳолисини рўйхатга олишда ишлатиладиган планшетларни харид қилишга 11,5 миллиард рубль (172,5 миллион доллар) сарфлайди. Шу сабабли «Ростелеком» 360 минг дона қурилмани етказиб бериш бўйича танлов эълон қилди, деб хабар беради «Kod.ru».

Таъкидланишича, планшетларни сотиб олишга 8,6 миллиард рубл сарфланса, қолган сумма уларга ўрнатиладиган Россия операцион тизимини учун лицензия харид қилишга ишлатилади. Шу сабабли операцион тизим ўрнатилмаган битта планшет нархи 24 минг рубль (360 доллар) атрофида бўлади.

Шартноманинг максимал қиймати 1 октябрь куни «Росстат» раҳбари Павел Мальков эълон қилган нархдан икки баробарга ортиб кетмоқда.

Аҳолини рўйхатга олиш учун ажратилган жами смета 33 миллиард рублга тенг бўлиб, унинг ярми рўйхатга олувчилар учун маош сифатида тўланади.

Бутун Россия аҳолисини рўйхатга олиш ишлари 2020 йилнинг октябрида бўлиб ўтади. Унда биринчи бор электрон планшетлар ишлатилади, хусусан, анкеталарни давлат хизматлари сайти орқали ҳам мустақил тўлдириш мумкин.

Reuters агентлигининг ёзишича, «Ростелеком» планшетларни Хитойнинг Huawei компаниясидан харид қилиб, унга «Avrora» операцион тизимини ўрнатиш ниятида. Планшетларга қўйилган техник талаб: тўрт ядроли процессор, 2 гигабайт тезкор хотира ва 11 дюймли экран.