Ўзбекистон Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)га кириш имкониятларини ўрганишни бошлаганига уч йил бўлди, ушбу масалада ташқаридан ҳеч қандай босим йўқ, деди Ўзбекистон Сенати раиси биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев 4 сентябрь куни журналистлар билан бўлиб ўтган учрашувда. «Gazeta.uz»нинг хабар беришича, журналистлар билан бўлиб ўтган ушбу учрашув Россия Сенати раиси Валентина Матвиенконинг Ўзбекистонга ташрифи якунлари муносабати билан ташкил этилди.

Foto: “Daryo”

Айнан шу ташрифи вақтида Матвиенко Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилиши масаласи устида иш олиб бораётганини таъкидлаган эди. Валентина Матвиенко иттифоққа эҳтимолий қўшилиш ортидан Тошкентга етиши мумкин бўлган афзаллик ва йўқотишлар таҳлили бўйича ишлар 2019 йил охиригача якунланиши мумкинлигини айтиб ўтган эди.

«Ўзбекистон Республикасига босим бўлганми, деган саволни ҳатто қўйманг ҳам. Ўзбекистон — унга босим ўтказиш мумкин бўлган мамлакат эмас», — дея қўшимча қилди Содиқ Сафоев, журналистнинг иттифоққа қўшилиш масаласида босим ўтказилиши эҳтимоли мумкинлиги ҳақидаги саволга жавоб бераркан.

Сафоевнинг маълум қилишича, ҳозирда Ўзбекистон томони ушбу ташкилотга қўшилиш имкониятларини ўрганмоқда. «У ерда ўзига яраша камчиликлар, шунингдек, афзалликлар ҳам бор. Ҳар қандай интеграцион ҳамжамиятга қўшилиш маълум бир ваколатларнинг топширилишини, бироқ шу билан бирга ташкилот доирасидаги баъзи имкониятлардан фойдаланиш ҳуқуқининг қўлга киритилишини назарда тутади», — деди у, «ҳозирча ҳеч қандай қарор йўқлиги, иш кетаётгани, ЕОИИнинг барча мамлакатлари билан маслаҳатлашувлар олиб борилаётгани»ни қўшимча қилиб.

Сенаторнинг ваъда беришича, ЕОИИга қўшилиш масаласи устида иш олиб бораётган экспертлар ушбу масала бўйича якдил фикр ҳосил бўлганидан сўнг жамоатчиликни бу ҳақда хабардор қилади.

Содиқ Сафоевнинг алоҳида қайд этишича, уч йил аввал Ўзбекистоннинг янгиланган — нисбатан очиқ, нисбатан прагматик, кўп ҳам сиёсийлаштирилмаган ва нисбатан ғоясизлантирилган ташқи сиёсатини амалга ошириш бошланган эди. Худди шунча вақтдан бери Ўзбекистоннинг минтақавий ташкилотлар билан муносабатларини қайта кўриб чиқиш устида ҳам иш олиб борилмоқда.

«Бу тўғри хатти-ҳаракат: минтақавийлашув — бу глобаллашувнинг бир қисми ва мамлакатларнинг манфаатлари учун хизмат қилади. Бир неча мисол келтираман: Ўзбекистон Туркий кенгашга қўшилди. Бу 25 йил давомида биз ундан қўрққан, қочган ташкилот. Ушбу ташкилотга қўшилиш юзасидан бизнинг сегментимизда қандайдир ўзига хос шов-шув бўлгани йўқ. Ваҳоланки, ўз вақтида бу масала кун тартибига ҳам қўйилмаган эди», — деди сенатор.