Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган Россия Федерацияси кенгаши раиси Валентина Матвиенко Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни Евросиё иқтисодий иттифоқига киритиш масаласини кўриб чиқаётганини маълум қилди. Бу баёнот қизғин баҳсларга сабаб бўлмоқда.

Европа иқтисодий иттифоқи ўзи қандай ташкилот, Ўзбекистон унга қўшилса, қандай ижобий ва салбий оқибатлар келиб чиқади – бу саволларга «Дарё» колумнисти Жаҳонгир Эргашев жавоб беради.

Евросиё  иқтисодий иттифоқи тўғрисидаги битим 2014 йили Қозоғистон президенти Назарбоевнинг таклифи асосида ташкил этилган эди. 2015 йил январидан бу ташкилот ўз фаолиятини бошлаган. Мазкур иттифоқ товар, капитал, ишчи кучининг аъзо давлатлар ўртасида эркин ҳаракатланиши ва иқтисодий масалаларни ўзаро мослаштириб ҳал қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Фото: «РИА Новости»

Евросиё иқтисодий иттифоқига бугунги кунда Россия, Арманистон, Қозоғистон, Беларусь ва Қирғизистон аъзо саналади. Молдова бу ташкилотда кузатувчи мақомига эга.

Шу кунларда Арманистон пойтахти Ереванда бўлиб ўтган саммитда аъзо давлатлардан ташқари Сингапур ва Эрон ҳам иштирок этди. Бу мамлакатлар билан эркин иқтисодий зоналар ташкил қилиш борасида келишувлар имзоланди.

Яқинда Ўзбекистонга ташриф буюрган Россия Федерацияси кенгаши раиси Валентина Матвиенко Ўзбекистон ҳам иттифоққа киришга тайёрланаётгани ҳақида маълумот берди. Ҳар икки томон комиссия тузилгани, аъзо бўлиш масалаларини ўрганаётгани интернет нашрларида хабар қилинди. Россия томонидан комиссияга молия вазири Антон Силуанов бошчилик қилмоқда.

Евросиё иқтисодий иттифоқи ҳақида айрим маълумотлар:

— майдони: 20 260 435 квадрат километр;

— аҳолиси: 184 000 880 миллион;

— ялпи ички маҳсулоти: 1 880 миллиард АҚШ доллари (Халқаро валюта жамғармаси маълумотлари асосида).

Октябрнинг дастлабки кунларида Ереванда бўлиб ўтган Евросиё иқтисодий иттифоқи саммитида ташкилот эришаётган ютуқларнинг кенгаяётгани ва истиқболлари ҳақида умидбахш фикрлар билдирилди. Хитой ва Ҳиндистон билан ташкилот самарали ҳамкорликни қилаётгани таъкидланди. Шунга қарамай, бу каби фикрлар ташкилотнинг келажаги порлоқ эканини билдирмайди. Бу борада таҳлилчиларнинг фикрлари турличадир.

Биринчидан, Евросиё иқтисодий иттифоқи Ғарб санкциялари шароитида, аввало, Россия учун манфаатлидир. Ташкилот Россияга санкциялар туфайли жабр кўраётган иқтисодига ташкилот аъзоларининг бозорларига кириш ва уни кенгайтириш имконини беради. Иккинчидан, иттифоқнинг аксар мамлакатлари собиқ шўро мамлакатлари эканини ҳисобга олсак, Россия, шубҳасиз, етакчи давлат сифатида аъзо мамлакатларда ўз таъсир ва нуфузини янада кучайтириб олиш учун ҳаракат қилади.

Аммо иттифоқ аъзолари ортасида ўзаро зиддиятлар ҳам мавжудлигини инобатга олиш керак. Мисол учун, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги ҳал этилиши борасидаги чегаравий низолар. Шунингдек, Қирғизистон кейинги йилларда Евросиё иқтисодий иттифоқи стандартларига анча мослашиб келаётгани, қирғиз мигрантларининг Россияда таъқиб ва қувғин қилиниши анча камайган бўлса-да, қирғиз товарларини Қозоғистон ва Россия чегараларидан олиб ўтиш қийинлигича қолмоқда. Қозоғистон ва Россия бир неча марта Қирғизистондан олиб борилаётган мева ва полиз экинлари, гўшт ва сут маҳсулотлари олиб кирилишини тақиқлаб қўйди ва қирғиз иқтисодиётига анча зарар етказди.

Ўзбекистоннинг ташкилотдаги истиқболи қандай?

Ўзбекистон ташкилотга аъзо бўлса, Қирғизистон билан бўлган воқеалар такрорланмаслигига кафолат борми?! Эҳтимол.  Аввало, 33 миллиондан ортиқ аҳолига эга Ўзбекистоннинг 18–40 ёш атрофидаги аҳолисининг катта қисми Россияда меҳнат муҳожирларидир. Эҳтимол, Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиб кириши меҳнат муҳожирларининг аҳволини енгиллаштирар. Иккинчидан, Ўзбекистон ўз маҳсулотларини аъзо мамлакатлар орқали божсиз ва кам харажат билан денгиз орқали Европа, Яқин Шарқ, Осиё мамлакатларига етказиш имконига эга бўлади.

Ҳар нарсанинг ўз бадали бўлади. Бу бадал сиёсий соҳада Ўзбекистонга салбий таъсир қилмайди деган фикрдан йироқман. Бу таъсир нималарда кўриниши мумкин? Биринчидан, Россиянинг Ўзбекистонга иқтисодий пишанглар ёрдамида босим ўтказиш имконияти кенгаяди. АЭС қурилиши бу имкониятни янада кучайтириб юбориши ҳам мумкин.

Иккинчидан, кўплаб кичик ва ўрта ўзбек корхоналари хонавайрон бўлади ва синади. Давлат этагидан тутган «Ўзавтосаноат», Akfa каби йирик монополист ташкилотларнинг истиқболи ижобий ҳал қилинса-да, Ўзбекистон иқтисодиётининг импортга қарамлиги янада ортишини кузатиш мумкин бўлади.

Учинчидан, АҚШ ва Европа Иттифоқининг Россияга нисбатан жорий қилган иқтисодий жазо чоралари Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам таъсир қилади. АҚШ ва Европа Иттифоқи билан «ўзбек баҳори» натижасида жонлана бошлаган алоқалар янада боши берк кўчага кириб қолиши мумкин. Ҳаттоки санкцияларнинг бир учи ўзбек иқтисодига таъсир этиб, шундоқ ҳам кучсиз бўлган ўзбек иқтисодиётини мураккаб аҳволга солиб қўяди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Ўзбекистонга молиявий кўмак бериб турган бир шароитда иттифоққа кириш Ғарб давлатларининг кўмагидан бенасиб қолиш деганидир.

Тўртинчидан, Евросиё иқтисодий иттифоқи Хитойнинг «Бир макон, бир йўл» лойиҳасини қўллаб келмоқда. Бу эса Ўзбекистонда Хитой таъсирининг кучайишига олиб келади. Марказий осиёликларнинг аксари Хитой экспансиясига қарши эканини инобатга олсак, бу ижтимоий барқарорликка ҳам хавф туғдиради.

Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзолик масаласи президент Мирзиёевнинг 2020 йил февраль ойида Москвага қиладиган сафари мобайнида асосий мавзулардан бири бўлади. Сафар давомида расмий Кремль Ўзбекистонга босим ўтказишга уриниши ҳам эҳтимолдан узоқ эмас. Шундай экан, Россия билан бўладиган ҳар қандай муносабатларда доно халқимизда тез-тез ишлатиладиган «етти ўлчаб, бир кес» нақлига амал қилган ҳолда сиёсат юритиш манфаатлироқдир.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.