АҚШда демократ Александрия Окасио-Кортез билан бўлиб ўтган учрашувда «экофаоллар»дан бири экология учун болаларни ейишга ва Россияни бомбардимон қилишга чақирди, деб хабар беради The Sun.

Кадр: YouTube

АҚШ Вакиллар палатаси аъзоси билан бўлиб ўтган учрашувда номаълум аёл ўзига сўз беришларини илтимос қилиб, глобал фалокатга бир неча ойгина қолганини маълум қилди. У бунинг олдини олиш учун кескин чораларни қўллаш таклифини билдирди. «Биз Россияни бомбардимон қилсак ҳам одамлар жуда кўп қолади… Бу жуда катта муаммо. Биз болаларни ейишимиз керак», — дейди аёл.

Ўз чиқиши давомида аёл устки кийимини ечиб юборган, у кийган футболкага эса «Болаларни е, сайёрани қутқар» дея ёзув битилган.

Шунингдек, у мурдаларни ейишни ҳам тавсия қилган, аёлнинг фикрича, бу билан барибир сайёрани тез қутқариб бўлмайди.

Кейинроқ, АҚШ президенти Дональд Трампни қўллаб-қувватловчи LaRouchePAC ҳаракати бу аслида ҳазил эканлигини маълум қилган. Улар Twitter орқали экология борасидаги позицияси билан танилган Окасио-Коретез қачондир шу каби таклифни бериши мумкинлигини қайд этган.