АҚШ автомобиль ассоциацияси пиёдаларни аниқлаш тизимига эга турли автомобилларда бир нечта синов ўтказди ҳамда энг керакли пайтда тизим ишламай қолади, деган хулосага келди. Бу ҳақда Motor хабар берди.

Фото: Motor

Синовларда Honda Accord, Tesla Модель 3, Toyota Camry ва 2019 йилда ишлаб чиқарилган Chevrolet Malibu иштирок этди. Дастлаб автомобиллар қоронғида синаб кўрилган. Аниқланишича, тизим куннинг қоронғи вақтида пиёдага нисбатан ҳеч қандай реакция билдирмаган. ЙТҲларда ҳалок бўладиган пиёдаларнинг 75 фоизи қоронғи вақтга тўғри келишини ҳисобга олганда, бу жиддий камчилик ҳисобланади.

Кейинги синовлар кундузги ёруғлик шароитида ўтказилган. Ҳар бир автомобиль бир нечта сценарийда синаб кўрилган: катта ёшли киши йўлнинг тўғри қисмида ёки бурилган жойида кесиб ўтиши, бола тўхтаб турган иккита автомобиль орасидан йўлга югуриб чиқиши, катта ёшли кишиларнинг йўл четида туриши.

Сутканинг пайти билан бир вақтда, автомобиль тезлиги ҳам муҳим рол ўйнайди. Масалан, пиёда билан тўқнашув соатига 30 километр тезликда юз берса, жиддий жароҳат олиши эҳтимоли 18 фоизни ташкил қилади. Агар тезлик соатига 15 километрга юқориласа, оғир жароҳат олиш хавфи 50 фоизни ташкил қилади.

Тизим кундузги вақтда соатига 30 километр тезликда яхши ишлаган. Бу ҳолатларда 40 фоиз тўқнашувнинг олди олинган. Бироқ боланинг югуриб чиқиши ҳолатида автомобиллар реакция билдиришга улгурмаган ва 89 фоиз ҳолатда авария юз берган. Бурилишдан сўнг дарҳол пиёда чиқиб қолган синовда бирорта ҳам машина тўқнашувнинг олдини ола олмаган.

Ассоциация экспертлари тизимларнинг замонавий автомобилларда қўлланилишини қўллаб-қувватлаган, чунки бу уларни такомиллаштиришга ва ҳақиқий йўл шароитларига мослаштиришга имкон беради.

Маълумот учун, 2018 йилда Ўзбекистон йўлларида юз берган йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 2262 киши ҳалок бўлган (2017 йилда қурбонлар сони 2473 нафар эди). Уларнинг 1031 нафари пиёдалардир.