Эрон Ғарб ОАВларининг АҚШ санкциялари туфайли мамлакат портларида 20 дан ортиқ кема юкларини тушира олмаётгани ҳақидаги хабарларини рад этади. Бу ҳақда Ҳузистон вилояти портлар ва кемачилик ташкилоти раҳбари Одил Дорис маълум қилди, дея хабар беради  «РИА Новости».

Олдинроқ Reuters агентлиги ўз манбаларига таяниб, АҚШ санкциялари оқибатида юзага келган тўлов ва товарлар импорти борасидаги муаммолар туфайли миллион тоннага яқин буғдой ортилган 20 дан ортиқ кема Эрон портлари яқинида қолишга мажбур бўлаётганини хабар қилганди. Жумладан, «Имом Ҳумайний» ва «Бандар-Аббос» портларида бир ойдан ошиқ вақтдан бери юкларни тушириб бўлмаётгани маълум қилинган.

«Имом Ҳумайний’ портида юк ортишнинг катта ҳажмлари туфайли кемаларга ‘Чабахар’ ва ‘Шоҳид Рижоий’ ва бошқа портларга бориш таклиф этилмоқда. АҚШ санкциялари туфайли кемалардан юк туширишда муаммога дуч келаётганимиз йўқ. Ҳозирда ‘Имом Ҳумайний’ портининг юк ўтказиш қуввати 3 миллион тоннани ташкил этади. Жорий йилнинг биринчи ярмида бу ерда 24 миллион тонна товар туширилган», — деди Одил Дорис.