Нидерландия ҳукумати Голландия номидан фойдаланишни тўхтатишга қарор қилди, деб хабар беради The Guardian.

Таъкидланишича, Голландия номи ўрнига фақат расмий номдан фойдаланилади, бу мамлакатнинг глобал имижини янгилашга хизмат қилади.

Бизнес етакчилари, туризм кенгаши ва марказий ҳукумат қўллаб-қувватлаган миллий ребрендинг 2019 йил охирида эълон қилинади.

Мамлакат расмийлари халқаро эътиборни миллий ҳаётнинг муайян жиҳатларига уйғунлаштириш ниятида. Одатда ушбу мамлакат гиёҳванд моддалар билан дам олиш маданияти ва Амстердамдаги «қизил чироқлар ҳудуди» билан бирга тилга олинади.

Шунингдек, улар асосан Амстердамга келувчи туристлар оқимини мамлакат ҳудуди бўйлаб тенг тақсимлашга ҳаракат қилади.

Нидерландиянинг янги стратегиясига кўра, мамлакат ўзини дунёга «глобал муаммоларни ҳал қилиш учун илғор технологияларни ишлаб чиқувчи» сифатида таништиришни режалаштирмоқда. Хусусан, Нидерландия номидан 2020 йили Токиода ўтказиладиган Олимпиада ўйинлари ҳамда «Евровидение—2020» танловида кенг фойдаланиш кўзда тутилган.