Тожикистонда пул ўтказмалари бўйича Ягона процессинг маркази фаолиятини бошлади. Бу ҳақда мамлакат Миллий банки хабар бермоқда.

Фото: Тожикистон Миллий Банки

Мазкур тизимни ишлаб чиқиш ва жорий этиш билан шуғулланган Миллий банк раисининг ўринбосари Жамолиддин Нуралиевга кўра, ЯПМ пул ўтказмалари истеъмолчилари манфаатини ҳимоя қилиши кўзда тутилган.

Унинг айтишича, олдинлари тожикистонликлар мамлакатнинг барча банклари ҳам айрим тўлов тизимлари билан тўғридан тўғри шартномага эга бўлмагани учун исталган банкида пул ўтказмаларини ололмаган. Шунингдек, турли тўлов тизимлари билан ишлаган банклар уларнинг ҳар бири учун алоҳида ҳисоб рақам очишга мажбур бўлган. Бу эса қўшимча молиявий харажатлар, вақт ва таваккалчиликка олиб келган.

Хавф-хатарлардан яна бири хорижий тўлов тизимлари томонидан тожик банклари тўлаб берган пул ўтказмалари қопланмагани билан боғлиқ. Нуралиев банкротлик туфайли Тожикистон банкларига ҳозиргача 1 миллион доллар ва 45 миллион рубл тўламай келаётган «Лидер» тизимини бунга мисол тариқасида келтирди.

«ЯПМ бу ва бошқа салбий ҳолатларни бартараф этиш билан шуғулланади. Марказ мижозлар ва пул ўтказмалари хизматлари бозори иштирокчилари учун ўзига хос кафолатга айланади», — деди Жамолиддин Нуралиев.