«Нобель ҳафталиги олдидан» рукнидаги аввалги мақолаларимизда муайян хизматлари учун Нобель мукофотига лойиқ кўрилган шахслар ҳақидагина тўхталиб ўтгандик. 1901 йилдан буён Нобелга сазовор бўлган кишиларнинг «кўрсатган каромати»ни қараб чиқсак, баъзи абсурд ишлар ва ҳатто хато назариялар учун ҳам Нобель олганларни кўриш мумкин. Рукнни якунловчи ушбу мақоламизда эса мислсиз илмий салоҳияти ва ютуқларига қарамай Нобель ололмай ўтган даҳо шахслар ҳақида сўз юритмоқчимиз.

Физика йўналиши бўйича Нобель ҳақида гап кетганда, ҳамманинг хаёлига Хиггс бозони, гравитацион тўлқинлар, квантлар, реликт нурланиш, пульсарлар, рентген нурлари, радиоактивлик сингари ўта олий илмий мақомга эга соҳалар ва уларнинг тадқиқотчиси бўлган буюк физиклар келади. Илм-фандан йироқ оддий одам учун қийинлик қиладиган илмий терминологик жумлалар билан йўғрилган физика соҳасидаги Планк, Эйнштейн, Бор, Питер Хиггс сингари нобелчилар орасида гўёки бу машваратга адашиб кириб келганлар ҳам бор. Масалан, швециялик муҳандис Нильс Густав Дален ҳақида шундай дейиш мумкин. У шунчаки ёмон об-ҳаво шароитида ўз-ўзидан ёнадиган ва ҳаво очилса ўзи ўчадиган майоқ ўйлаб топган. Албатта, у яшаган замон ва ҳудуд учун бундай қурилма жуда фойдали эди. Чунки ҳали автоматика ва электроника бўлмаган даврда, аниқроғи 1912 йилда ҳақиқатан ҳам бандаргоҳларда бу сингари ихтироларга эҳтиёж катта бўлган. Кечаси ва ҳаво берк ёки туманли кунлари денгиздаги кемаларга ориентир бўлиши учун майоқни ёқиш керак эди. Бу биринчидан, доимий бир одам майоқда навбатчилик қилишини тақозо этар, ҳамма майоқлар ҳам ишчи жалб қилса бўладиган қулай жойда жойлашмагани, уларнинг сони кўплиги учун майоқни ўз-ўзидан ёқиб-ўчириш механизмига эҳтиёж бор эди. Бироқ адолат юзасидан айтиш керакки, нисбийлик назариясига Нобель берилмагани нуқтаи назаридан қарасак, Даленнинг ушбу оддийгина муҳандислик ечимидан иборат бўлган иши учун Нобель берилгани кишини ажаблантирмай қўймайди.

Бу ҳам майли. Эйнштейн-ку, бошқа бир илмий иши эвазига бўлса ҳам, охир-оқибат Нобелга сазовор бўлди. Бироқ биз қуйида ҳикоя қиладиган шахсларнинг ва уларнинг илмий салоҳиятининг Нобелга лойиқ топилмагани бундан-да ғалати. Келинг, улар билан бир бошдан танишайлик.

Дмитрий Менделеев.
Фото: Wikipedia

Менделеев даврий жадвали ва даврий қонунининг илм-фан учун аҳамияти ҳақида алоҳида гап айтишнинг ҳожати йўқ. Даврий жадвалдек муҳим илмий кашфиёт қилган даҳо рус кимёгари Дмитрий Иванович гарчи уч марта – 1905, 1906 ва 1907 йилларда Нобель мукофотига тавсия этилган бўлса-да, уни ололмаган. Ҳар сафар мукофот қўмитасида етарлича овоз тўплай олмаган ва ҳайъат аъзоси бўлган унга хайрихоҳ кимёгарларнинг умиди «Худо хоҳласа кейинги йил» деган илинж билан қолиб кетган. Афсуски, Менделеев 1907 йилда вафот этиб кетди ва «кейинги йил» деган илинж ҳаммада сўнди. Чунки мукофот фақат тирик олимларга топширилади. Вафот этиб кетганларга, унинг илмий иши ҳар қанча оламшумул бўлмасин, барибир мукофот берилмайди.

Менделеевнинг Нобель борасидаги омадсизлигини тадқиқ қилган фан тарихчилари қизиқ бир фактга дуч келган. Гарчи, у уч марта Нобелга тавсия қилинган бўлса-да, ҳар сафар унга ўз ватандошлари, яъни қўмитадаги россиялик олимларнинг ўзи панд берган экан. Европалик бошқа олимлар, хусусан, швецияликларнинг ўзи Менделеев номзодини қўллаб-қувватлаган бўлса ҳамки, русларнинг ўзи унга хайрихоҳлик кўрсатмагани мукофот қўмитаси архивларида қайд этиб қўйилган.

Марк Твен.
Фото: «24СМИ»

Америкалик машҳур ёзувчи Самюэль Клеменс кўпчилик адабиёт ихлосмандларига Марк Твен тахаллуси орқали яхши таниш. 1949 йилги адабиёт бўйича Нобель эгаси Уильям Фолкнер «дастлабки ҳақиқий америкалик ёзувчи» деб айнан Марк Твенни мақтаган эди. Эрнест Хемингуэй эса Американинг бутун бошли адабиёти аслида Марк Твеннинг «Геклберри Финнинг саргузаштлари» асаридан туғилган дея эътироф этган. Шунга қарамай, ХХ асрнинг энг буюк ёзувчиларидан бўлмиш Самюэль Клеменс Нобель ололмай ўтди. Унинг номзоди нақ тўққиз марта ушбу нуфузли мукофотнинг адабиёт йўналишига тавсия этилган. Шунга қарамай, «Том Сойер»нинг муаллифига барибир бирор марта Нобель берилмади. Табиатан босиқ ва ўзига хос характер эгаси бўлган ёзувчи бу нарсага ҳам босиқлик билан муносабатда бўлган. У ўзи учун китобхонларнинг эътирофи муҳимроқ эканини очиқ айтарди. Барибир адабиёт ихлосманди ва айниқса «Том Сойернинг саргузаштлари» асаридан завқ олган китобхон сифатида Марк Твен Нобель ололмаганига ачинасан (Светлана Алексиевич билан солиштирса, у қаёқда-ю, Марк Твен қаёқда).

Махатма Ганди.
Фото: «24СМИ»

Тинчлик соҳасидаги Нобель мукофоти энг кўп эътироз ва мунозараларга сабаб бўладиган йўналишдир. Хусусан, бу йўналишда Барак Обама, Михаил Горбачёв, Аун Сан Су Чжи, Ицҳоқ Рабин ва Шимон Перес сингариларнинг мукофот олиши кўпчиликнинг энсасини қотирган (англаганингиздек, мукофот тинчлик соҳасида бўлгани билан, бу шахслар унча-мунча урушларга бошчилик қилган). Шуларга қараб туриб, Ҳиндистон мустақиллиги курашчиси, ХХ асрнинг шубҳасиз энг атоқли шахсларидан бири Махатма Ганди нега Нобелсиз қолиб кетганига тушунмайсан. Ганди ҳақида, жумладан, Эйнштейн шундай деган эди: «Қўполлик билан куч ишлатиш ҳодисаси ҳаддан зиёд бўлган замонамизда Гандининг ўз ахлоқи билан кишилар онгига кўрсатган маънавий таъсири мислсиздир. Биз шундай ажойиб замондош билан яшаганимиз учун тақдирдан миннатдор бўлишимиз керак...». Ганди ҳатто Гитлерга мактуб ёзиб, уни шафқатсиз урушларни тўхтатишга чақирган. Ҳиндистон миллий озодлиги йўлида ҳам куч ишлатмасдан, қурбонларсиз курашиш усулини қўллаган. Албатта, Гандининг тинчлик йўлидаги жонбозликларини Нобель мукофоти ҳайъатидагилар ҳам яхши билган. Ҳарҳолда у беш марта ушбу нуфузли мукофотга тавсия этилгани бунинг исботидир. Шунга қарамай, ҳинд халқининг миллий қаҳрамони бўлмиш Махатма Ганди Нобелсиз ўтган буюк шахслардан биридир.

Гилберт Льюис.
Фото: «Person-info.com»

Америкалик кимёгар Гилберт Льюиснинг жуда кўплаб илмий ишлари Нобелга муносиб эди. Хусусан, унинг электрон кимёвий боғланиш назарияси, ядро физикаси, изотоплар кимёси, кимёвий термодинамика ҳамда фотокимё соҳаларида бажарган илмий ишларининг ҳаммаси учун алоҳида Нобел берса арзийдиган даражада бўлган. Термодинамиканинг учинчи бош қонуни формуласини айнан Льюис биринчи бўлиб таклиф қилган, ион боғланиши ва гомеополяр кимёвий боғ назариясини ҳам биринчи бўлиб айнан унинг илмий ишлари орқали билиб олганмиз. Кимёвий реакцияларнинг эркин энергияларини ҳисоблаш усулини ишлаб чиққани ҳамда «фотон» терминини илмий муомалага киритгани Льюиснинг яна бошқа муҳим хизматларидандир. ХХ асрнинг энг етук физик-кимёгарларидан бўлмиш Гилберт Льюис 30 мартадан зиёд Нобель мукофотига тавсия қилинган. Бироқ қўмита бирор марта унга ён босмади ва шундай йирик олим Нобелсиз ўтиб кетди.

Эмиль Ру.
Фото: Wikipedia

Тиббиёт ва физиология соҳасида ҳам бу каби фиаско содир бўлган. Франциялик бактериолог олим Эмиль Ру 83 марта Нобелга тавсия этилган. Бироқ ҳар сафар қўмита унинг номзодини инкор қилаверган. Ру инсониятга кўрсатган хизматлари сирасига, масалан, унинг саъй-ҳаракатлари орқали дифтерия касаллиги устида ғалаба қозонилгани киради. Шунингдек, куйдирги касаллигини (Сибирь яраси) давосини топишда ҳам Эмиль Рунинг илмий тадқиқотлари жуда катта аҳамият касб этган. Шунга қарамай, 1853–1933 йилларда яшаб ўтган бу олим қўлга киритган энг кўзга кўринарли эътироф Копли медали бўлган холос (у Лондон қироллик жамияти томонидан берилади).

Шундай олим Нобель ололмаса-ю, Йоханнес Фибиргер сингариларга ҳали исботланмаган хом назарияси учун Нобель бериб юборилса, бироз ғалати ва ачинарли кўринади. Фибиргер 1926 йилда тиббиёт йўналишида Нобель олган. У гўёки ўз тадқиқотларида илмий номи spiroptera бўлган қурт (чувалчанг) тури туфайли тирик организмларда саратон келиб чиқишини исботлаган эди. Ҳатто сичқонларда ўтказилган тажрибалар гўёки Фибиргер ҳақ эканини кўрсатиб берди... Бироқ кейинчалик маълум бўлишича, аслида Фибиргернинг гистологиядан билимлари етарли бўлмаган ва тажриба аслида бошқа омил туфайли сичқонларда саратон келтириб чиқарган. Хусусан, сичқонлар айнан шу қуртни истеъмол қилгани учун саратонга йўлиқмаган, балки уларга бошқа нарса бермай, муттасил шу қурт билан боқилгани учун витамин А етишмаслигидан саратонга чалинган экан. Боз устига, у урғочи ўсимта эмас, балки эркак ўсимта (яъни, яхши сифатли ўсимта) ҳосил қилар экан. Ҳозирда Нобель қўмитаси, хусусан, унинг тиббиёт ва физиология бўйича номзодларни саралайдиган ҳайъати Фибиргерга Нобель берилганини қўмитанинг энг катта хатоси деб ҳисоблайди.

Эмиль Ру.
Фото: Wikipedia

Бироқ Нобель ололмай ўтган олимлар ичида энг ачинарлиси Арнольд Зоммерфельд бўлса керак. Унинг жуда кўплаб шогирдлари ва издошлари Нобелга сазовор бўлган. Хусусан, Вернер Гейзенберг, Вольфганг Паули, Дебай, Ханс Бёте, Лайнус Полинг, Исидор Раби, Макс фон Лауэ сингарилари Зоммерфельднинг шогирдларидир. Нима қилсинки, Арнольд Зоммерфельд жуда кучли рақобат ва илмий даҳолар замонасида яшаган. У мукофотга тавсия этилган пайтда Альберт Эйнштейн, Макс Планк, Нильс Бор, Эрнест Резерфорд, Жеймс Франк сингари йирик ва нуфузли олимлар ҳам ушбу мукофотга даъвогар эди. Лўнда қилиб айтганда, ҳар қанча таниқли олим бўлмасин, Зоммерфельд ҳар сафар илм осмонида ўзидан-да ёрқин юлдуз бўлган бошқа олимнинг соясида қолиб кетган.

Юқорида Марк Твен ҳамда Гилберт Льюис ўзларига Нобель берилмаганини унчалик ҳам катта омадсизлик деб қабул қилмаганини эслатишни унутибмиз. Лекин Зоммерфельд ҳақида бундай деб бўлмайди. У ўзига Нобель берилишини жуда интиқлик билан кўп йиллар кутар ва ҳар сафар лауреатлар орасида ўз исми-шарифини кўрмай, қаттиқ хафа бўлар эди. Ахир уни оз эмас, кўп эмас, нақ 81 марта мукофотга тавсия этишганди-да! Шунга қарамай, Зоммерфельд бирор марта Стокгольмга чақирилмади ва швед қиролидан медал ололмади. Зоммерфельднинг ўзи 1923 йилда аниқ Нобель олишим керак эди деб ҳисоблаган. Бироқ унга асосан мукофот қўмитасидагиларнинг қайсарлиги, чунончи, Карл Озен исмли ҳайъат аъзосининг салбий тақризлари тўсқинлик қилган.

Музаффар Қосимов тайёрлади.