Ўзбекистонда 7—9 минг йиллик тарихга эга ноёб қоятош расмлари мавжуд Сармишсой дараси талон-торож қилинмоқда. ЎзАнинг маълум қилишича, ушбу тарихий масканда айни вақтда чорва моллари ўтлаб юрибди.

Фото: «Мерос»

«Сармишсой дараси ва унинг атрофларидаги сойлардан ўн мингдан ортиқ қоятош суратлари аниқланган ва бу петроглифлар ўзида 35 мавзудаги образ ва сюжетларни акс эттиради», — деган «Сармишсой Навоий» дам олиш маскани директори Нафиса Воҳидова.

Фото: ЎзА

Унинг айтишича, 7—9 минг йиллик тарихга эга бу қоятошлар Ўзбекистондаги ягона пичоқкесар қоятош ҳисобланади. Бу ерга ҳеч бир меҳмон шунчаки тушиб қолмайди. Балки интернет саҳифаларида Ўзбекистоннинг қайси жойларига боришни ўрганиб, қизиқиб келади. Кўпчилиги эса бу қоялар ҳақида биз билмаган маълумотларни билгани учун нималарнидир аниқлаштиришга келади.

Таъкидланишича, Сармишсой петроглифлари энг қадимий услубларда ишланган бўлиб, уларнинг орасида буқа, тоғ эчкиси тасвирлари кўп учрайди. Шунга ўхшаш тасвирлар Зарауцой (Ўзбекистон), Қобустон (Озарбайжон) ва Арабистон ярим оролида топилган.

Айни айни вақтда эса дара атрофи жуда аянчли ҳолатга келиб қолган. У қояда акс этган баъзи ноёб суратлар ўғирлаб кетилган. Бу йилги ёғингарчиликда эса қоятошларнинг кўп қисми сув остида қолиб, синиб тушган.

Фото: ЎзА

«Дам олиш масканимиз 32 гектарни ташкил қилади. Биз шу ҳудуд атрофини ҳимоя қилиш ва қўриқлашга масъулмиз. Тўғриси, меҳмонлар бу ҳудуддан чиқиб кетгач, уларни нима билан шуғулланишига жавобгар эмасмиз. Қоятош расмларига келсак, у ерлар давлат ҳимоясида бўлиб, музей-қўриқхона ҳисобланади. Агарда атрофи ободонлаштирилиб, таъмирланса маълум ҳақ эвазига кирадиган тартиб ишлаб чиқилса, яхши бўларди. Ахир, тарихий масканларга борган хориж фуқароси тўловларни амалга оширади. Шу тариқа мавжуд тарихий объектни талон-торож қилиш эмас, ундан тўғри фойдаланишимиз керак», — деган Нафиса Воҳидова.

Хабарда айтилишича, Сармишсойга яқинда Германиядан «Қизил китоб»га киритилган ўсимликларни ўрганувчи мутахассис келган. Олим қоятошлар орасида «Қизил китоб»га киритилган, минг дардга даво ўсимлик топганини айтган.

Бу дунёдаги энг қиммат дори-дармонларга қўшиладиган ва биз долларга хориждан харид қиладиган дорилар таркибида муҳим ўрин тутувчи ўсимлик бўлиб, айнан шу ҳудудда ўсиши ҳақида маҳаллий аҳоли ҳам, олимлар ҳам бехабар экан.