Бугун Швеция пойтахти Стокгольмда Нобель ҳафталиги очилди ва одатга кўра биринчи бўлиб тиббиёт ва физиология бўйича 2019 йилги мукофот эгалари эълон қилинди. Бу йўналиш бўйича Нобель совриндорларини Каролин институти эълон қилади.

Бу сафарги тиббиёт ва физиология бўйича Нобель мукофоти Уильям Кэлин, сэр Питер Ретклифф, ҳамда Грегг Семенцега топшириладиган бўлди. Уларнинг илмий иши ҳужайраларнинг кислород мавжудлигини аниқлаши ва унга мослашиши механизмларини тадқиқ қилишга бағишланган.

Фото: Independent

Биламизки, тирик организмларга кислород озуқани фойдали энергияга айлантириш учун ғоят зарур. Кислороднинг фундаментал аҳамиятини одамзод бир неча асрдан буён яхши билади албатта. Лекин, ҳужайра миқёсида кислороднинг қандай аниқланиши, унинг миқдорининг ўзгаришларига ҳужайра қандай мослашиши механизмлари номаълум эди.

Юқорида исми-шарифи қайд этилган олимлар муҳитда кислороднинг мавжудлиги ва унинг миқдорий ўзгаришларини ҳужайралар қандай аниқлаши механизмларини тадқиқ қилишган. Улар генларнинг кислород миқдорига нисбатан фаоллик кўрсатиши жараёнини бошқарувчи молекуляр механизмларни аниқлашган.

Қисқа қилиб айтганда, жорий йилги Нобель эгаларининг кашфиётлари ҳаёт учун энг муҳим бўлган мослашув жараёнларини очиб берди. Уларнинг илмий ишлари туфайли биз кислород миқдорининг метаболизм жараёнларига ва организмнинг физиологик функцияларига қандай таъсир кўрсатишини билиб олдик. Ушбу кашфиётлар натижасида тиббиётда яқин йилларда анемия (камқонлик), саратон ва бошқа касалликларига қарши курашда янги стратегик йўналишлар очилиши кутилмоқда.